Оҳангарон ўрмон хўжалиги ҳудудида йирик ёнғин юз берди
Ёнғинни бартараф этишга 1 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 30 нафар ходим, ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилинган.
Ижтимоий тармоқларда Оҳангарондаги ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан маълумот тақдим этди.
Кеча, 17 июль куни соат 13:03 да Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани “Тошариқ” МФЙ ҳудудида жойлашган ўрмон хўжалигига қарашли бўлган ер майдонида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.
Бошқарма ёнғин-қутқарувчилари воқеа жойига соат 13:09 да етиб бориб, ёнғин соат 13:15 да ўраб олинган ва соат 14:05 да ўчирилган.
Ёнғинни бартараф этишга 1 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 30 нафар ходим, ўрмон хўжалигидан 20 нафар ходим жалб қилинган.
Ёнғин натижасида тахминан 500 квадрат метр майдонда қуруқ ўт ва шох-шабба ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.