Россиянинг аксарият ҳудудларида «Спутник Лайт» вакцинаси тугаб қолди
Россиялик шифокорлар SARS-CoV-2 коронавирусига қарши қайта эмлашни «Спутник Лайт» билан эмас, балки оддий вакцинанинг таркибий қисмларидан бири билан амалга оширишни таклиф эта бошлади, деб ёзади «Коммерсант».
Россиянинг аксарият ҳудудларида COVID-19’га қарши «Спутник Лайт» бир компонентли вакцинанинг кескин танқислиги кузатилмоқда, деб ёзади «Коммерсант». Нашр маълумотига кўра, ҳудудий поликлиникалар ходимлари «Лайт» ўрнига «Спутник V»нинг биринчи компоненти билан бустер эмлашни таклиф қиляпти, сабаби «Спутник Лайт» тугаб қолган.
Нашр журналистлари Амур, Саратов, Иркутск, Уляновск областлари, Бурятия, Санкт-Петербург, Москва, шунингдек, РФ томонидан аннексия қилинган Қрим ҳудудида «Лайт» билан қайта эмлаш учун рўйхатга ёзила олмади. Курск области маъмуриятида журналистларга «Спутник Лайт» чекланган миқдорда мавжудлигини айтди, Хабаровск ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги суҳбатдошлар эса минтақада «Спутник»нинг барча турлари мавжудлигига ишонтирган, аммо федерал Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларини келтиришган, унга кўра ревакцинация «Спутник V»нинг биринчи компонент билан амалга оширилиши мумкин.
Россия расмийлари баёнотига кўра, «Спутник Лайт» айнан бустер эмлашлар учун вакцина сифатида ишлаб чиқилган, у фақат битта эмлаш билан керакли антитаначалар титрини сақлаб қолиш имконини беради. Вакцина тақчиллиги шароитида масъул идоралар вакиллари «Лайт» алоҳида вакцина сифатида рўйхатга олинган бўлса-да, аслида «Спутник V»нинг биринчи компонентидан фарқ қилмайди, деган баёнотларни тарқата бошлади. «Коммерсант» суҳбатдошлари сўзларига кўра, бу қарор қайта эмлашни хоҳловчилар учун «вақтинчалик тўсиқ» бўлган – Россияда маълум бир пайтда оддий «Спутник»нинг иккинчи компонентини ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар юзага келди, шу боис бу вакцинадан фойдаланмасликка ишонтириш кампанияси ўтказилган.
Шу билан бирга, июль ойи охирида РФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Владимир Чуланов фуқароларни қайта эмлашга чақирди, сабаби Россияда SARS-CoV-2 коронавируси билан касалланганлар кескин кўпаймоқда. 27 июлдаги расмий маълумотларга кўра, ўтган бир сутка давомида мамлакатда 9027 та инфекцияни юқтириб олиш ҳолати аниқланган.
Касалликнинг бундай кўпайиши 22 апрелдан бери биринчи марта кузатилди. Энг кўп янги ҳолатлар Москвада аниқланган - 3673 та.
Июль ойи охирига келиб дунё бўйлаб касалланганлар сони 570 миллион кишидан ошди. АҚШ президенти Жо Байден ҳам вирусни юқтириб олди, у касалликни енгил шаклда ўтказди. Россияда, инфекцияга қарши кураш бўйича тезкор штаб маълумотига кўра, COVID-19 18 554 036 кишида аниқланди, улардан 382 272 киши вафот этди.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024