Ўзбекистон | 11:51 / 03.08.2022
9359
2 дақиқада ўқилади

Никоҳланувчилар тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг никоҳни расмийлаштириш тартибини белгилаш кўзда тутилмоқда

2022 йил 2 август куни Сенат Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Сенат навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар кўриб чиқилди.

“Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунлар, Енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари шулар жумласидан.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

“Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, никоҳни қайд этиш бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар бекор қилинмоқда. Никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг никоҳни расмийлаштириш тартибини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш орқали тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо кучайтирилмоқда.

Мажлисда енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда кўрилган масалалар бўйича қўмита тегишли қарорлари қабул қилинди.   

Мавзуга оид