Сурхондарёда 14,5 млрд сўмлик субсидия ноқонуний ажратилгани аниқланди
Сурхондарё вилоятида 14,5 млрд. сўмлик субсидия маблағлари ноқонуний ажратилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.
Президентнинг «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан 2021 йилда Шўрчи туманидаги кластерга қарашли 1 376 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш вазифаси маҳаллий таъминотчи корхона зиммасига юклатилган.
Таъминотчи корхона 142,7 гектардаги пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган ва унга кетган харажатлар бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш бўйича Шўрчи тумани ишчи комиссияси томонидан хулоса тузилиб, Аму-Cурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига тақдим этилган.
Аму-сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахслари эса амалда 142,7 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган бўлса-да, унга яна қўшимча равишда 993 гектарда томчилатиб суғориш технологияси қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, давлат бюджетидан кластерга 6 млрд 747 млн 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.
Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Аму-Cурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундай ҳолат Қумқўрғон туманида ҳам аниқланиб, маҳаллий кластерга қарашли 2 000 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш кўзда тутилган ва бу ҳам айнан юқорида тилга олинган таъминотчи корхонага юклатилган.
Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқа манфаатдор шахслар ўзаро тил бириктириб, 2021 йилда 1 143 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинмаган бўлса-да, шунча майдонга томчилатиб суғориш технологияси қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланиб, ишга туширилгани ҳақида сохта хулосалар тузиш орқали кластерга 7 млрд 772 млн 400 минг сўм миқдоридаги субсидия маблағлари ажратилишига эришган.
ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Қумқўрғон тумани ирригация бўлими бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга оид
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024