Осиёнинг 27 мамлакатини бирлаштирган ҳамкорлик ва ишонч кенгаши қандай ташкилот?
12 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Қозоғистонга борди. Хўш, ушбу халқаро ташкилот қачон ва нима мақсадларда тузилган? Унга қайси давлатлар аъзо ва қандай масалалар кўрилади? Мақоламизда шу ҳақда маълумот берамиз.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш тузиш ҳақидаги таклиф Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев томонидан 1992 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 47-сессиясида илгари сурилган эди. Ташкилот 1999 йилдан расман ўз фаолиятини бошлаган.
Ташкилотга Осиёнинг 27 та давлати доимий аъзо: Озарбойжон, Афғонистон, Баҳрайн, Бангладеш, Вьетнам, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Иордания, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Камбоджа, Хитой, Корея Республикаси, Қирғизистон, Мўғулистон, БАА, Покистон, Фаластин, Россия, Тожикистон, Таиланд, Туркия, Шри-Ланка, Ўзбекистон.
Шунингдек, 9 та давлат (Беларус, Индонезия, Малайзия, АҚШ, Украина, Филиппин, Япония, Лаос ва Туркманистон) ва 5 та халқаро ташкилот (БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеяси, Халқаро миграция ташкилоти) кузатувчи мақомига эга.
2007 йил октябрь ойида ОҲИЧБК – БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомини олди. Ташкилотга раислик муддати узайтириш имконияти билан икки йилга тенг.
Ташкилотнинг асосий мақсадлари қуйидагилар:
- Осиё барқарорлик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда кўп томонлама фикрларни инобатга олган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш;
- ноқонуний наркотиклар ишлаб чиқиш ва савдосига қарши кураш;
- Осиё фаровонлиги ва барқарорлиги йўлида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш;
- терроризмнинг барча кўринишлари ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишига қарши кураш;
- атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ барча масалаларда ҳамкорлик қилиш;
- аъзо давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини амалга ошириш ва бошқалар.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари:
- ҳарбий-сиёсий жиҳат;
- янги чақириқ ва таҳдидлар;
- иқтисодий, экологик ва инсоний ўлчов.
Ташкилотнинг асосий тамойиллари:
- суверен тенглик ва суверен ҳуқуқларни ҳурмат қилиш;
- низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш;
- иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳамкорлик;
- давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;
- куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик;
- давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги;
- қуролсизланиш ва қуролланишни назорат қилиш;
- инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилиш.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш аъзо давлат ва ҳукумат раҳбарлари декларациялари, Давлат раҳбарлари кенгаши қарорлари, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва юқори мансабдор шахслар комиссияси қарорлари доирасида фаолият олиб боради. Ташкилот котибияти Остона шаҳрида жойлашган, фаолияти аъзо давлатларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан молиялаштирилади.
Ташкилотнинг ҳуқуқий асоси қуйидаги ҳужжатлардан иборат:
- Аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи тамойиллар декларацияси (1999 йил 14 сентябрь).
- Терроризмни бартараф қилиш ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш тўғрисидаги декларация (2002 йил 4 июнь).
- Олмаота акти (2002 йил 4 июнь).
- ОҲИЧБКнинг процессуал қоидалари (2004 йил 22 октябрь).
- ОҲИЧБКнинг котибияти тўғрисидаги битим (2006 йил 17 июнь).
- ОҲИЧБКнинг молиявий регламенти (2006 йил 14 декабрь).
- ОҲИЧБКнинг ташқи алоқалари тўғрисидаги Низом (2007 йил 14 март) ва бошқалар.
Ташкилот давлат раҳбарлари саммити ҳар тўрт йилда бир марта чақирилади. Бугунга қадар олий даражадаги саммитлар 2002 ва 2006 йилларда Олматада, 2010 йил Истанбулда, 2014 йил Шанхайда, 2019 йил Душанбеда бўлиб ўтган. 6-саммит 2022 йил 13 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистоннинг иштироки
Ўзбекистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг асосий ҳужжати – Олмата актини имзолаган.
Давлат раҳбарлари даражасидаги саммитда Ўзбекистон 2006, 2014 ва 2019 йилларда қатнашган. 2019 йил ташкилотнинг Душанбе саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қуйидаги ташаббусларни илгари сурган эди:
- ёшлар радикаллашувига қарши курашиш;
- динлараро тотувликни сақлаш, таълим ва маданий ўзаро бойитиш масалалари бўйича мулоқот ўрнатиш.
2020 йилдан Ўзбекистонга ОҲИЧБКнинг ўзаро ишонч ва илмий, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича координатори вазифаси юкланган. 2021 йилдан Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ОҲИЧБК Таҳлилий марказлари форумининг доимий аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, 13-14 октябрь кунлари Остонада бўлиб ўтадиган саммит кун тартибига ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, самарали транспорт коммуникацияларини шакллантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари киритилган.
Унда президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашиб, нутқ сўзлайди, шунингдек ҳамкор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама музокаралар ўтказади.
Мавзуга оид
17:16 / 01.11.2024
Қирғизистонда Туркий давлатлар ташкилотининг XI саммити бўлиб ўтади
18:47 / 29.10.2024
Халқаро йирик иқлим саммити Озарбойжонда ўтади: COP29’дан нималар кутиляпти?
11:55 / 11.10.2024
Киберхавфсизлик саммити доирасида ташкил қилинган ҳакерлар мусобақаси якунланди
20:22 / 09.10.2024