Жаҳон | 10:44 / 17.10.2022
7842
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб беришга тайёр

АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Эронда Россия учун мос равишда 300 ва 700 км масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир Fateh-110 ва Zolfaghar қисқа масофали ракеталарининг биринчи партияси тайёрланмоқда, деб ёзади The Washington Post.

Фото: defence-ua

Эрон Россияга Украина шаҳарларига ҳаво ҳужумлари учун ишлатилиши мумкин бўлган қурол етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда америкалик расмийларга таяниб, 16 октябр, якшанба куни The Washington Post газетаси ёзмоқда.

Нашрнинг ёзишича, 18 сентябрдаёқ Теҳрон қўшимча қурол-яроғ, жумладан, икки турдаги Эроннинг «ер-ер» синфидаги ракеталарини етказиб бериш шартларини келишиш мақсадида расмийларни Москвага юборган. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Эрон қурол-яроғ саноати аллақачон Fateh-110 ва Zolfaghar ракеталарининг биринчи партиясини тайёрламоқда, улар мос равишда 300 ва 700 км масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир қисқа масофали баллистик ракеталардир. Агар бу амалга ошса, ушбу ҳолат уруш бошланганидан бери Россияга бундай ракеталарнинг биринчи етказиб берилиши бўлади.

Бундан ташқари, Эрон Россияга учувчисиз учиш аппаратларининг янги партиясини жўнатишга тайёрламоқда, улар орасида ўнлаб қўшимча Mohajer-6 ва янада кўпроқ Shahed-136 бор. Бу қурилмалар ердаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган бўлиб, 2500 кмгача масофада портловчи моддаларни етказиб беришга қодир камикадзе дронлар ҳисобланади. Сўнгги ҳафталарда эронлик техник маслаҳатчилар Россия назорати остидаги ҳудудларга бориб, дронларни қандай бошқариш бўйича кўрсатмалар берган. АҚШ разведка идоралари, шунингдек, Россия ва Эрон расмийлари Эроннинг Россияга қурол-яроғ етказиб бериши ҳақидаги хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.

Сўнгги ҳафталарда Украинада кўплаб Эрон учувчисиз учоқлари уриб туширилганига қарамай, рус ҳарбийлари уларни қайта бўямоқда ва рус тилида номлашмоқда - шунинг учун Shahed-136  Герань-2'га айланди - Ислом Республикаси расмийлари Россияга қурол-яроғ етказиб берилаётганини қатъиян рад этишмоқда. 7 октябр куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳян финландиялик ҳамкасби билан суҳбатда яна бир бор Эрон Россия ва Украинага нисбатан бетараф қолишини, чунки у можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлади. «Баъзи давлатлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатган бўлса-да, биз Украинага қарши урушда фойдаланиш учун Россияга ҳеч қачон қурол юбормаганмиз ва юбормаймиз, чунки бу инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилиш керак деб ҳисоблаймиз, ҳар икки томонга қуролли ёрдам кўрсатиш тинчликни кейинга суради», деди ташқи сиёсат идораси раҳбари.

Эрон сингари, Россия ҳам Ғарб оммавий ахборот воситаларининг Эрон қуроллари етказиб берилгани ҳақидаги маълумотларини ҳар томонлама рад этяпти. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бундай хабарларни «сохта ахборот чиқарилиши» деб атади.

10 ва 11 октябр кунлари Украина шаҳарларига уюштирилган оммавий ҳужумларда фаол иштирок этган Эрон дронларининг жанговар зонада пайдо бўлиши аниқланганидан сўнг Киев Теҳрон билан дипломатик алоқаларини узди.

Мавзуга оид