UzAuto Motors'га олибсотарлик билан шуғулланиши учун яширинча имтиёз берилгани тасдиқланди
UzAuto Motors ҳар бир Malibu-2'нинг устига 10 минг доллар “миндириб” пуллаётганини рад этди, лекин нархлар масаласида бирорта ҳам факт ва рақамни очиқлай олмади, саволларни эса яна одатдагидек жавобсиз қолдирмоқда. Компания баёнотидан кўринадики, UzAuto Motors хориждан олиб келаётган автомобиллари учун ҳақиқатан ҳам импорт божи тўламаяпти.
UzAuto Motors компанияси Kun.uz сайтида эълон қилинган “UzAuto Motors ҳар бир Малибу-2’нинг устига 10 минг доллар «миндириб» пуллаяптими?” сарлавҳали мақолага муносабат билдирди.
Муносабатда компания Жанубий Кореядан йилига 2900 дона Malibu автомобилини импорт қилиши айтилган, лекин бу машиналар қанчадан сотиб олинаётгани очиқланмаган.
Аввалроқ, davletovuz Telegram-канали ҳавола қилган шартнома иловасида қарийб 63,5 млн долларлик битим тузилгани келтириб ўтилганди. Демак, UzAuto Motors GM Korea Company'дан ҳар бир автомобилни 21 891 доллардан (чунки умумий шартнома суммаси 63,5 млн доллар) харид қиладими? Бунга аниқлик киритилмаган.
Бундан ташқари, “маҳаллий автогигант” (компания ўзини шундай атаган) баёнотига кўра, қимматбаҳо автомобилларни сотишдан олинган даромад арзонроқ моделларни ишлаб чиқариш харажатларини қисман қоплайди ва нархлар ўсишини ушлаб туради. Бу маълумот эса йиллар давомида маҳаллийлаштириш билан шуғулланиб келган ишлаб чиқарувчи таннархни барибир пасайтиролмагани, бу борадаги топшириқларни бажаролмагани, энг арзони 11 200 доллардан сотилаётган Cobalt ва 11 800 доллардан сотилаётган Lacetti-Gentra кабилар аслида бундан ҳам қимматга тушаётган бўлиши мумкинлигини англатади.
Боз устига, UzAuto Motors автомобилларининг нафақат нархи, балки ассортименти эскиргани, ишончлилиги, хавфсизлиги ва экологик тозалигига нисбатан ҳам истеъмолчиларда эътирозлар жуда кўп.
Компания, шунингдек, дунёда ўз автомобилларини 100 фоиз маҳаллийлаштиришни таъминлаган бирорта ҳам ишлаб чиқарувчи йўқлигини таъкидлаб ўтган.
“Компонентлар импортига келсак, шуни тушуниш керакки, автомобиль ишлаб чиқариш жараёни энг юқори технологияли ва қимматга тушади, зарур хомашё мавжуд бўлганида маълум бир эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш мақсадга мувофиқлиги учун катта талабни кафолатлаш керак”, дейилади расмий муносабатда.
Ўзбекистонда ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга керак бўладиган эҳтиёт қисмларининг неча фоизи маҳаллийлаштирилган, қанча қисми импорт қилинади? Бу бўйича ҳам ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Компания, шунингдек, Chevrolet брендининг Корея учун мўлжалланган сайтида нархлар “солиқларсиз, соф шаклда” кўрсатилгани, буни кўрган муаллиф “маркетинг ҳийласига дуч келгани”ни иддао қилган. Таъкидлаш керак, сайтдаги нархлар тахминий характерга эга экани ёзилган бўлса-да, солиқларни ўз ичига олмагани ҳақида бирор изоҳ кўрсатилмаган. Бу эса ўз навбатида UzAuto Motors'нинг даъвоси ҳам текширилиши лозимлигини кўрсатади.
Таъкидлаш керакки, UzAuto Motors Кореядан Malibu импорт қилаётганида ҚҚС ва утилизация йиғими тўлашини билдирган, бироқ импорт божига тўхталмаган. Бу – мазкур монопол корхона яширин ҳужжатлар орқали автомобил импорти божидан озод қилинганини тасдиқлайди.
Шу тариқа, “маҳаллий автогигант”га берилган эксклюзив имтиёзлардан оддий истеъмолчилар маҳрумлигича қолмоқда. Жаҳон бозорида қулайлиги жиҳатидан Chevrolet Malibu билан рақобат қила оладиган, нархи ҳам яқин бўлган бошқа автомашиналар талайгина, лекин уларни олиб кирмоқчи бўлган тадбиркорлар жуда катта моддий ва бюрократик тўсиқларга дуч келади.
Kun.uz мухбири юқоридаги масалалар бўйича UzAuto Motors матбуот хизматига бундан 3 кун олдин қатор саволлар билан мурожаат қилди, бироқ ҳозирга қадар жавоб бўлгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 1 январдан бошлаб нархи 40 минг доллардан юқори бўлган хорижий автомобиллар учун импорт божи бекор қилинган эди, лекин 2020 йил 1 январдан бу божлар қайта тикланди. Айнан 2020 йил январидан бошлаб UzAuto Motors хориждан Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe автомобилларини олиб келиб сота бошлаган эди.
2022 йил феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириш топшириғини берганди. Шунингдек, 1 майга қадар автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси ҳам юклатилганди. Аммо бугунги кунга келиб, навбатлар сони қарийб 98 мингтани ташкил этмоқда.
Мавзуга оид
18:27 / 31.10.2024
Янги Cobalt Midnight 7,3 миллион сўм қимматроқ бўлади
14:06 / 26.10.2024
Таом етказиб бериш хизматлари бозори монополлашди
15:54 / 24.10.2024
Импорт автомобиллар Пискентдаги полигонда синовдан ўтказилади
19:03 / 15.10.2024