Спорт | 17:20 / 27.10.2022
27107
8 дақиқада ўқилади

Мбаппе яна бир катта можарога йўлиқди — «ПСЖ» уни жиловлайдими?

Франциянинг обрўли нашрларидан бири «ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппенинг жуда катта маоши ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди. Бу нима мақсадда қилинди ва қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? 

Фото: Getty Images

«ПСЖ» ҳужумчиси Килиан Мбаппе шартномаси молиявий жиҳатдан спорт тарихидаги энг йирик битим ҳисобланади. Яқинда Le Parisien шов-шувли мақоласида бу ҳақда хабар берди. Нашрнинг таъкидлашича, уч йил ичида ҳужумчи 636 млн евро ишлаб олиши мумкин (солиқлардан ташқари). 

Килианнинг маоши йилига 72 млн еврога тенг. Шартномани имзолаш учун мўлжалланган бонус – 180 млн евро, бу учта алоҳида транш билан тўланади. Бундан ташқари, «содиқлик бонуси» ҳам бор. Агар ҳужумчи 2025 йилгача Парижда қолса, 2023 йилда 70 млн евро, бир йилдан сўнг 80 млн евро, кейинги йили 90 млн евро олади. 

«ПСЖ» Мбаппенинг маоши миқдори ҳақидаги бу хабарни дарҳол рад этди. Клуб бу маълумотларнинг барчаси мутлақо нотўғри эканини таъкидламоқда. Инсайдер Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, парижликлар Le Parisien билан судлашиш имкониятини кўриб чиқмоқда. 

Аммо Мбаппе янги катта можарога йўлиқди. Илгари зиддиятли вазиятларга Килианнинг ўзи туртки берган: Неймар билан жанжаллашди, «ПСЖ» раҳбариятидан таркибни ўзига мос равишда кучайтиришни талаб қилди, январда ўзини сотишни сўради, Франция футбол федерациясига ҳомийлик шартномаси бўйича ультиматум қўйди ва бошқалар. Бу сафар у ҳеч нарса қилмади. Ахборот бомбаси портлаши учун Мбаппе номининг бир марта тилга олиниши етарли бўлди. 

Le Parisien маълумотларига ишониш мумкинми? 

«ПСЖ» май ойида Мбаппе билан имзоланган янги шартнома тафсилотларини ошкор қилмади. Клуб Килианни «Реал»га ўтишдан бош тортгани учун сахийлик билан мукофотлагани аниқ. Sky Sports маълумотларига кўра, Мбаппе ойига 4,5 млн евро олади ва дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчи ҳисобланади. Шартномани имзолагани учун олган бонуси 120 млн еврога тенг. 

Forbes ҳам Килианни маоши бўйича сайёрада биринчи ўринга қўяди. Нашрнинг ёзишича, Мбаппе йилига 128 млн евро олади. Ундан 110 млн евро футбол даромадлари, қолган қисми ҳомийлик шартномаларидан тушадиган маблағдир. Шубҳасиз, бу 110 млн еврога Килианнинг клубдаги маоши ҳамда «имзо бонуси» ҳам киради. 

Sky Sports, Forbes ва Le Parisien хабарларидаги рақамлар бир-биридан фарқ қилмоқда. Дастлабки иккита нашр Мбаппенинг бир йиллик даромади ҳақида ёзди, учинчиси эса шартноманинг умумий тузилмасини тасвирлади. 

Агар имзо бонуси ҳақиқатдан ҳам учта алоҳида траншда тўланса, рақамлар бир-бирига мос келмоқда. 

Килиан бу мавсумда тахминан 50 млн евро маош ва 60 млн евро «имзо бонуси»ни (180 млн евронинг учдан бир қисмини) олади. Натижада, Мбаппенинг 110 млн евро миқдоридаги йиллик даромади келиб чиқмоқда. Молиявий масалаларга ихтисослашган Forbes айнан шу рақамларни келтирган. 

Le Parisien маълумотлари ичида умумий қиймати 240 млн евро бўлган «содиқлик бонуси» шубҳа уйғотади. Айнан шу пул эвазига Мбаппенинг шартномаси спорт тарихидаги энг йириги ҳисобланади. Бу маълумотларга ишонса бўладими? 

Умуман олганда, рақамлар «ПСЖ» каби клуб учун фантастик эмас. Sky Sports нашрининг ёзишича, Килиан Парижда алоҳида мақомга эга. Унга кадрлар сиёсатига таъсир ўтказиш учун рухсат берилган. Хусусан, Мбаппе кўрсатмаси билан раҳбарият Луиш Кампушни спорт директори лавозимига тайинлаган. Шунингдек, муваффақиятсиз бўлса-да, ёзда Неймар сотилишига жиддий ҳаракат қилган. Катта миқдордаги «содиқлик бонуси» ҳам шартномага киритилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. 

Мбаппе шартномаси бўйича маълумотлар ошкор қилиниши сабаби нима? 

Айрим ОАВ вакиллари содир бўлаётган воқеаларда «ПСЖ» раҳбариятининг қўли борлигига ишонади. Бу «жанжалкаш» Мбаппени тинчлантиришга уриниш бўлиши мумкин. 

Спорт журналисти ва Франциянинг нуфузли RMC портали эксперти Даниэл Риолонинг сўзларига кўра, Килиан шартномасининг тафсилотлари оммага ошкор қилингани бежиз эмас. Унинг фикрича, бу «ПСЖ» раҳбарияти ва футболчининг атрофидагилар ўртасидаги кураш натижаси бўлиши мумкин. 

«Агар Le Parisien хабари рост бўлса, маълумот манбаси кимлар эканига шубҳам йўқ. Бундай мақолалар қандай пайдо бўлишини биламиз, улар «сиздириш» оқибатидир. Шу тариқа, «ПСЖ» раҳбарияти Мбаппе оиласига ўзига хос хабар юборяпти: Сен ширинликдан безиб кетган болага ўхшаяпсан. Сенга кўп нарса бердик, аммо бахтсизман деяпсан, январда кетмоқчи бўляпсан. Сен эркаликни бироз ошириб юбординг... Энди одамлар сенинг қанча пул олишингни билади, бундан кейин оғзингни юмиб, ўзингни хотиржамроқ тутарсан. 

«ПСЖ» Мбаппе қолиши учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини бир неча бор айтган эди», – деб таъкидлади Риоло. 

RMC Sport Мбаппе шартномаси тафсилотларининг ошкор қилиниши бир неча ҳафтадан буён матбуотда мунтазам пайдо бўлаётган хабарларнинг мантиқий давоми деб ҳисобламоқда. Килианнинг қуюшқондан чиқиб кетиши ва клубдаги барча жараёнларни назорат қилишга интилиши замирида президент Носир Ал-Хилайфий унинг «попугини пасайтириш»га уринаётган бўлиши мумкин. 

Ал-Хилайфийнинг қатъияти жуда юқори. Сиздирилган сўнгги маълумотлар нафақат Мбаппе, балки бошқа юлдузлар – Лионел Месси ва Неймарга ҳам тегишли. Le Parisien Килиан ҳақидаги маълумотлар билан бирга аргентиналик ва бразилияликнинг маоши миқдорини ҳам ошкор қилди. Нашрнинг ёзишича, Мессининг маоши бир мавсум учун 41 млн еврони ташкил қилади. Лео бу қийматнинг бир қисмини криптовалютада олади (эҳтимол солиқлардан қочиш учун) ва унинг шартномасида содиқлик учун бонус ҳам назарда тутилган. Неймарнинг маоши йилига 36 млн евродан сал озроқ. Аргентиналик ва бразилиялик бу маълумотларнинг ошкор этилишидан мамнун бўлиши даргумон, аммо клуб Мбаппега таъсир ўтказиш йўлида уларнинг фикрига унчалик аҳамият бермаса керак. 

Хулоса

Le Parisien маълумотлари ҳақиқатга яқиндек кўринмоқда. Акс ҳолда, Франциянинг юқори мартабали сиёсий амалдорлари бу рақамларга изоҳ бермаган бўларди. 

«Мбаппе жуда кўп миқдорда солиқ тўлаши керак. Уларни бошқа жойда эмас, Францияда тўлайди, бу яхши. Рақамлар шу қадар каттаки, уни англаш бошни айлантириб юборади», деди Франция иқтисодиёт вазири Брюно Ле Мэр. 

«Мбаппе «ПСЖ» учун харажат эмас, Франция учун харажат эмас. У – инвестиция. Мбаппе – мамлакатимизнинг маданий бойлиги, юртимизнинг иқтисодий бойлиги», – деди Франция Миллий кенгаши депутати Шарл Олив. 

«ПСЖ» клубининг кейинги ҳаракатлари кўп нарсага ойдинлик киритади. Агар клуб судга даъво киритмаса, демак, маълумотлар Мбаппени жиловламоқчи бўлган Ал-Хилайфий туфайли сиздирилганини англатади. Ҳозирча, у «жиловлаш»ни уддалаяпти. Матбуотда Килианнинг инжиқликлари ҳақидаги хабарлар камайиб қолди. 

Франциялик футболчи майдонда яхши ўйнамоқда. Мбаппе бу мавсумда «ПСЖ» сафида 16 та ўйинда 16 та гол уриб, 4 та голга ассистентлик қилган. Чемпионлар Лигасидан ўрин олган «Маккаби»га (7:2) қарши сўнгги ўйинда 23 ёшли ҳужумчи дубл қайд этди ва Мессига иккита голли узатма берди. Бу Le Parisien нашри хабаридан кейин содир бўлди. 

Албатта, январга яқинроқ Мбаппе яна исён кўтариши мумкин, аммо ҳозирча, шундай шароитда “ПСЖ” ёш юлдузни назорат остида муваффақиятли ушлаб турибди.

Мавзуга оид