Жамият | 14:57 / 28.10.2022
59772
9 дақиқада ўқилади

Аёлнинг бахтсизлиги – нотўғри тарбия оқибати

Кўплаб ўзбек оилаларида оналар қизларини фақат келинликка тайёрлайди, асосий методлар эса – уялтириш ва қўрқитиш. Шахсий эркинликлар, мустақил қарор қабул қилиш, ўз фикрига эга бўлиш ва уни қўрқувсиз айта олиш ўрнига, фақат ва фақат хўп дейишга ўргатиш қандай оқибатларга олиб келади? Айни мавзуда руҳшунос Шаҳноза Жумақулова билан суҳбатлашдик.

Ажримлар сонининг ошаётгани жамият ривожини ўйлаган ҳар бир шахсни хавотирга солиши табиий.

Муаммони ёшларнинг дунёқараши мос келмаслиги, оилавий анъаналар, урф-одатлар, учинчи шахс аралашувидан излаймиз. Кўп ҳолларда эса ёшларни оилага тайёрлашда қандай хатога йўл қўйганимиз ҳақида бош қотирмаймиз.

“Эрга тегсанг, эринг рухсат берса, кейин сочингни кесасан, унгача тегма. Эринг рухсат берса, ўқишга кирасан, ҳозир ўқитганим билан ишлатадими йўқми. Эгангга топширгунимча тўй-пўй дема, эринг рухсат берса кейин бораверасан... Ҳали қанақа қайнонага тушасан – худо билади, қайнонанг нима деса шуни қил, бидир-бидир қилиб гап қайтарма, эртага қайнонанг бир тепиб қувворади...”

Бу гаплар тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Лекин негадир табиий қабул қиламиз. Аслида-чи, бундай гаплар катта ҳаёт бўсағасида турган қизнинг психологиясига қандай таъсир қилади?

Психолог Шаҳноза Жумақулова билан шу хусусда суҳбатлашдик.

“Қўрқитиб катта қилинган бўлса, қандай қилиб меҳр беради?”

— Қиз бола келин бўладиган хонадонига қўрқув билан борадиган бўлса, у қайнонасини жаллод образида кўради. Аввало оилага меҳр билан, дўстлик билан бориш керак. Она қизига ҳаётнинг паст-баландларини дўст сифатида ўргатадиган бўлса, ўшанда тарбия тўғри кетади. Бизда кўпинча қиз болани оилага тайёрлашга урғу беришади. Аслида эса фарзандни етукликка, яъни ҳаётга, қийинчиликларга чидамли қилиб тарбиялаш керак.

Нима деса хўп дейдиган қиз болани тарбиялайдиган бўлсак, унинг чиройидан бошқа обрўси бўлмайди. У фақат хўп-хўп дейдиган бўлса, турмуш ўртоғи у билан фикрлашиш жараёнида ундан бир ақлли фикр ололмайди. Бундай аёл қўрқув билан яшайди. Қўрқувда яшагандан кейин у қандай қилиб меҳр беролади?

Хўп дейиши мумкин, кўниши мумкин ўша вазиятга, лекин бу ёлғон муносабат бўлади. Чунки у ич-ичидан алдаётган бўлади. Боргиси, қилгиси келмаган ишига ҳам хўп дейди, лекин ичида норозилик бўлади. Кейинчалик у келиннинг хизматини ҳақ тўланмайдиган хизмат сифатида қабул қилади. Бу нарса секин-аста 30 ёш кризисини келтириб чиқаради.

Психологияда 30 ёш кризиси деган тушунча бор. Ҳеч ким бир умр бола бўлиб қолмайди. Аста-секин ақлини ола бошлайди. Ақл ёшига етганидан кейин аста-секин атрофдагилар билан ўзини солиштиради. Мен нима қиляпман ўзи дейди. Ўзига савол бера бошлайди: нега мен бундай яшаяпман, нега менда бахт йўқ, нега мени тушунадиган инсон йўқ? Ўзини хизматкордек ҳис қилиш, ўз фикри йўқлиги уни ич-ичидан қалбан эзишни бошлайди.

“Оила нималигини тушунмаганим учун нотўғри инсонни танлаб қўйганман”

Мавзу юзасидан суҳбатдош аёллардан бири ўз бошидан ўтганларни шундай ҳикоя қилиб берди:

— Ҳатто синфдошлар билан паркка боришимга ҳам рухсат йўқ эди, ҳар томонлама чеклов қўйилганди. Шунақа деяверганларидан кейин: “Эрга тегсам, маза қилиб хоҳлаган жойга борарканман”, деган тушунча шаклланган ва вақтли эрга тегиб кетганман. Ҳали оила нималигини тушунмасдим. Оқибатда нотўғри инсонни танлаб қўйганман, ажрашиб қутулдим.

Қизимга иложи борича эркинлик бераман. Лекин уни ҳам доим онам чеклаб ташлайдилар, ҳатто ўғлим кўчага чиқишига ярим соат вақт берадилар. Қанча гапирганман унақа қилманг деб, бефойда барибир. Тўғри, ёмон бўлсин деб қилишмайди, лекин яхшилик ҳам чиқмайди бунақа чекловлардан. Ўз тақдиримда тушунганман.

Болаларга ёшликдан ўз фикрига эга бўлишни, ўз фикрини чиройли қилиб айтишни ўргатиш лозим

Психолог Шаҳноза Жумақулова:

— “Хўп-хўп”лар асосида ўз фикрига эга бўлмай улғайган қиз: “Турмушга чиқсам, эркинликка, мустақилликка эришаман”, деб ўйлайди. Ҳеч ким менга хўжайинлик қилмайди, ўзим билганимни қиламан, деб ўйлайди. Бахтига, агар турмуш ўртоғи вояга етган инсон бўлса, жуфти ҳам вояга етади. Агар у ҳам бола позициясидаги йигит бўладиган бўлса, зиддиятли вазият келиб чиқади.

Бошқа фикр, бошқача тасаввур билан келган келин, бутунлай бошқача муносабатни кўрганидан кейин унда эмоционал ёниш бўлади. 2-3 фарзандли бўлганидан кейин, ҳатто фарзандларига қарагиси келмай қолади, уй ишларидан совийди. Кейин ўзининг фикрини айтишга ўтади. Айтганда ҳам йиғиб-йиғиб битта портлайди. Фикрини андишасизлик билан айтиб қўяди. Табиийки, жанжал келиб чиқади.

Агар биз фарзандларимизни ёшликдан ўз фикрини чиройли қилиб айтишга ўргатсак, вазиятдан чиройли чиқиб кетиш йўлларини ўргатиб учирма қиладиган бўлсак, шахсий фикрини одоб билан айта олади. У тушуна бошлайди, қачонки меҳр бергандагина ўзига меҳр қайтишини.

Ўз фикрига эга қиз ўртоқлари маслаҳат берса, ўша маслаҳат тўғри ёки нотўғри эканини синтезлашга ўрганади. Ҳар кимдан маслаҳат олавермайди. Иш фаолиятимда кўп гувоҳ бўламан. Оилалар муаммоси бир-бирига ўхшаш бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон айнан бир хил бўлмайди. Табиийки, унинг ечими ҳам бошқача бўлади. Бир оилани асраб қолишга қаратилган чора, иккинчисига тўғри келмайди. Ҳар бир оиланинг муаммоси ҳам, ечими ҳам ўша оила учун индивидуалдир.

Ўзини тушунмаган инсон ўзгани ҳам тушунолмайди. Фақат хўп-хўп деб яшаш бу зомби усулига ўхшайди. Она қиз болага назоратчи ёки дугона бўлиб эмас, балки дўст бўлиб яқинлашиши керак. Оилада уят тушунчаси ҳам бўлиши керак. Фикрини айтиш уят эмас, овозини баландлатиш уят каби уятнинг чегарасини тушунтирадиган бўлсак, ўшанда қиз бола ўзини нафис тутишни ўрганади. Ўшанда қиз боланинг нафислиги ичида дадилликни, ўз фикри борлигини ҳис қиласиз.

“Оддий масалаларда ҳам беихтиёр эримдан рухсат сўрайман”

Яна бир суҳбатдошимиз қуйидагича ҳикоя қилади:

— Ёшлигимда худди шунақа бўлган: қачон эрга тегсанг, ўшанда эринг рухсат берса, сочингни кесасан, қошингни терасан, деб онам нуқул тақиқ қўярдилар. Синфдошлар ё курсдошлар билан бирор жойда айланишга бормоқчи бўлсам, турмушга чиққанингдан кейин эринг рухсат берса бутун дунёни айланмайсанми, дердилар.

Турмушга чиққанимдан кейин нима қилмоқчи бўлсам беихтиёр эримдан сўрардим. Ундай қилсам майлими, бундай қилсам майлими, бу кўйлайни кийсам майлими... Бир куни турмуш ўртоғим айтдилар: “Сен ўзинг кап-катта одамсан, ўзинг фикрлашинг керак, бу – сенинг хоҳишинг”. Шунда миямда салют отилган десам ҳам бўлади, роса хурсанд бўлиб кетганман.

Шундай бўлса ҳам, ҳалигача нимадир қилмоқчи бўлсам, беихтиёр рухсат сўрайман, бу нарса менда одат бўлиб шаклланиб қолган.

Ақлини таниган эркак агар аёлининг ўз фикри йўқлигини кўрса, унга ўзини ўзи тарбиялашига имкон бериши керак

— Қиз бола ўз фикрига эга бўлмаса, қандай қилиб ўз фикрига эга бўлган ўғил фарзандни тарбиялайди? Ҳар бир эркак кишининг ўз фикри бўлиши керак бўлса, ўша тарбияни ўз фикрига эга бўлган она беради.

Психологияда икки хил позиция фикрлаш бўлади: болача фикрлаш, вояга етган инсон даражасида фикрлаш. Болача фикрлаш “хоҳлайман, хоҳламайман” ёки хўп дейдиган, қайсар феълли бўлади. Улғайган инсон эса ўз фикрига эга бўлади. Қандайдир гап эшитса, дарров хулоса чиқармай, мулоҳаза қилади. Муаммога дуч келганда диққатини айбдорни қидиришга эмас, ечимга қаратади.

Нега оилаларда охирги пайтда хиёнат мавзуси кўтарилиб кетяпти? Аёл киши айтади, ҳамма нарсам жойида: уй-рўзғор тутишим, ташқи кўринишим, ўзимни тутишим, нега турмуш ўртоғим хиёнат кўчасига кираверади?

Бундай аёл ўзининг меъёр тушунчасини билмайди. Хўп тушунчаси бўлади. Гаплашганда, фикрлашганда аёл фикр билдиролмайди. Ҳамма нарса учун қарорни эркак киши чиқарганидан кейин эр аёлига хизматкордек қарашни бошлайди.

Ўз навбатида, хиёнат кўчасига кирган эркак ҳам вояга етган шахс даражасида бўлмайди, чунки унда ўзини ўзи тарбия қилиш йўқ.

Агар эркак ўз фикрига эга шахс бўлса, аёлининг ўзини ўзи тарбиялашига йўл қўйиб бериши керак. Уни тинглаши керак. Оилада жуфтлардан бири вояга етган шахс бўлса, иккинчиси ҳам албатта вояга етади. Агар ундай бўлмаса, мутахассисга мурожаат қилиш керак.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид