Иқтисодиёт | 22:49 / 31.10.2022
60310
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик маоши қанча?

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 721,8 минг сўмни ташкил этди. Охирги йилларда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида кўплаб ўзгаришлар қилинган бўлса-да, ушбу соҳа вакилларининг маоши ҳамон ўртача кўрсаткичдан ҳам паст даражада қолмоқда.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг январь- сентябрь ойларида Ўзбекистондаги ўртача ойлик номинал иш ҳақи 3 млн 721,8 минг сўмни ташкил этиб, (ўтган йилнинг мос даврида 2 млн 978,9 минг сўм бўлган) 2021 йил мос даврига нисбатан ўсиш суръати 24,9 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Статистика қўмитаси маълум қилмоқда.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (5 млн 964 минг), Навоий (4 млн 953 минг) ва Тошкент вилоятида (3 млн 799 минг), энг кам миқдори эса Самарқанд (2 млн 734 минг), Фарғона (2 млн 783 минг) ва Сурхондарё (2 млн 798 минг) вилоятларида қайд этилган.

“Бор-йўғи учта маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри, Тошкент ва Навоий вилоятлари) номинал иш ҳақининг даражаси республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда номинал иш ҳақи республика даражасидан турли миқдорда паст шаклланган”, дея ёзади иқтисодчи Миркомил Холбоев.

Маълумот учун, ҳисобот давридаги ўртача ойлик иш ҳақи кўрсаткичини шакллантиришда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобга олинмаган.

Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида соҳалар кесимида энг юқори ўртача ойлик иш  ҳақи банк, суғурта, лизинг ва кредит воситачилик фаолиятида қайд этилган – 9,7 миллион сўм. Ахборот ва алоқа соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 6,9 миллион сўмга тенг бўлган бўлса, ташиш ва сақлаш соҳасида – 4,8 миллион сўм, саноат соҳасида – 4,7 млн сўм, қурилиш соҳасида – 4,5 млн сўм, савдо соҳасида – 3,6 млн сўм, таълим соҳасида – 2,6 миллион сўм. Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида қайд этилган – 2,5 миллион сўм.

2022 йилнинг учинчи чораги бўйича, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн 13,8 минг ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган бўлиб, шундан 37,4 фоизи таълим, 16,1 фоизи соғлиқни сақлаш вакиллари ҳиссасига тўғри келган.

Йилдан йилга кучайиб бораётган тенгсизлик

Сўнгги йилларда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб ўзгаришлар қилинган бўлса-да, ушбу соҳа вакилларининг маоши бошқалариники билан таққослаганда секин ўсмоқда ва йилдан йилга тенгсизлик ортиб бормоқда.

“Номинал иш ҳақи энг паст бўлган соҳа вакиллари доимгидек таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари ҳисобланади. Таълим соҳаси вакилларининг номинал иш ҳақи 2,6 млн сўмни ташкил этган бўлса, тиббиёт соҳаси вакилларининг номинал иш ҳақи 2,5 млн сўмни ташкил этган. Бир тенденция қизиқки, тиббиёт соҳаси вакилларининг иш ҳақи таълим соҳаси вакилларининг иш ҳақидан кўра тезроқ ўсмоқда. Хусусун жорий йилнинг ўтган даврида таълим соҳаси вакилларининг номинал иш ҳақи 16,4 фоизга ўсган бўлса, тиббиёт соҳаси вакилларининг номинал иш ҳақи қарийб 28 фоизга ўсган. Ҳозирги тенденция билан яқин йилларда таълим соҳаси вакиллари энг паст иш ҳақига эга қатламга айланади (ҳисоботда келтирилган соҳа вакиллари орасида).

2018 йилда таълим соҳаси вакилларининг номинал иш ҳақи республикадаги ўртача иш ҳақининг 76 фоизи қисмига тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 70 фоиздан пастроқ кўрсаткични қайд этган. Таълим соҳаси вакиллари, берилаётган кўплаб ваъдаларга қарамасдан йилдан йилга жамиятдаги ўз мавқейини йўқотиб бошқа соҳа вакилларига нисбатан камбағаллашиб бормоқда”, дейди Миркомил Холбоев.

Агар индивидуал соҳаларни ўзаро таққосласак, ортиб бораётган тенгсизликни яққол сезиш мумкин. Хусусан, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида банд бўлган ходимларнинг ойлик маоши 2018 йилда таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача маошидан 2,44 баробар кўпроқ бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилга келиб 3,74 баробаргача ошган. Яъни банк ва суғурта ходимлари йилдан йилга таълим соҳаси вакилларига нисбатан бойиб бормоқда.

Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб борувчи ходимларнинг ҳудудларда банд аҳоли орасида улуши юқорилиги инобатга олинса, Тошкент ва ҳудудлар орасидаги тенгсизлик кучайиб бораётганини ҳам қайд этиш мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда охирги марта 2022 йилнинг 1 июнида иш ҳақи, пенсия миқдори ва стипендиялар оширилганди.

Ўзбекистонда яхши яшаш учун қанча маблағ керак?

Дунёнинг энг йирик онлайн маълумотлар базасидан бири – Numbeo ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 4 киши бўлиб яшайдиган оилалар ижара тўламасдан ойига 1 431,42 доллар (15 млн 988 минг сўм) сарфлаб яхши яшаши мумкин. Бир киши учун бу нарх 394,10 доллар (4 млн 400 минг сўм)га айланади.

Қайд этилишича, харажатларнинг 36,6 фоизи дўконлардан турли маҳсулотларни сотиб олиш, 25,3 фоизи ҳар ойлик ижара, 14 фоизи ресторанларда овқатланиш, 10,1 фоизи транспорт, 8,1 фоизи эса спорт ва бўш вақтдаги машғулотлар учун сарфланади.

Шунингдек, Numbeo маълумотлар базаси 106 та мамлакатнинг ҳар ойлик соф иш ҳақи бўйича ҳам бир қанча рақамларни келтирган. Унга кўра, солиқларни ҳисобга олмаганда Ўзбекистон фуқаролари ҳар ой ўртача 283,52 доллар (3 млн 98 минг 873,6 сўм) маош олади.

Мавзуга оид