Жаҳон | 16:10 / 03.11.2022
10070
2 дақиқада ўқилади

Британия разведкаси: Россия кунига 40 дан ортиқ зирҳли машинасидан айрилмоқда ва Беларусдаги захиралардан фойдаланмоқда

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия октябрь ойида Украина билан бўлган жангларда ҳар куни 40 тагача зирҳли техникасини йўқотган ва натижада Беларус танклари ва пиёда жанговар машиналари захираларига мурожаат қилган.

Фото: ТАСС

Октябрь ойи ўрталарида рус зирҳли техникасининг йўқотилиши кунига 40 донага етди ва рус қўмондонлиги Беларус армиясининг захираларидан камида юзта танк ва пиёда жанговар машиналарни (ПЖМ) олди. Бу ҳақда 3 ноябрь, пайшанба куни Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг кунлик сарҳисобини чоп этиб, маълум қилди.

Британия разведкаси маълумотларига кўра, рус қўшинлари тактикасида зирҳли бўлинмалар ва артиллерия «марказий ўринни эгаллайди» ва ҳозирда Россия армияси ўқ-дориларни топишда ҳам, ишламай қолган техникани алмаштиришда ҳам қийинчиликларни бошдан кечирмоқда.

Вазирликка кўра, рус аскарлари эски ПЖМлардан фойдаланишга мажбур: жангчилар бундан ҳафсаласи пир бўлган ва уларни консерва банка деб атаяпти. Бир неча ҳафта олдин Лондонда Россия армиясининг техника ва ўқ-дорилари тугаб бораётгани қайд этилган эди.

Октябрь ойида Беларус президенти Александр Лукашенко россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан иттифоқчи кучларнинг минтақавий гуруҳини жойлаштиришга келишиб олганини эълон қилган эди. Бир неча кундан сўнг, Беларусда «Киевдан аниқ таҳдид» фонида терроризм таҳдидининг кучайиши режими жорий этилди. Европарламент Лукашенкони Россия агрессиясининг тўлақонли шериги деб ҳисоблайди. Украина ҳарбийлари беларусларга мурожаат қилиб, жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирди. 

Мавзуга оид