Ўзбекистон | 10:37 / 04.11.2022
4956
5 дақиқада ўқилади

Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими йўлга қўйилди

Сув ва салқин ичимликларнинг гуруҳларга бўлинишини назарда тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий қилиниши йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 ноябрдаги “Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 631-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддати ва маҳсулот турлари гуруҳлар бўйича белгиланди:

  • биринчи гуруҳ – ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек, газланган ҳамда газланмаган сув ва ичимликлар – 2023 йил 1 июлдан бошлаб;
  • иккинчи гуруҳ – металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар – 2024 йил 1 августдан бошлаб.

Қарор билан:

  • рақамли маркировкаланадиган сув ва салқин ичимликларнинг идентификация кодлари рўйхати;
  • ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиклари;
  • сув ва салқин ичимликларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шунингдек, рақамли маркировкалаш тартиби жорий қилинган кундан бошлаб:

  • оператор томонидан мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш учун маркировка кодлари мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга тегишли буюртма асосида тақдим этилиши;
  • Ўзбекистон Республикасида ПЭT қадоқларида ярим (0,5) литр ва ундан ошмаган ҳолда ишлаб чиқарилган газланмаган сувларни мажбурий рақамли маркировкалашда идентификация воситаларини шакллантириш мақсадида рақамли маркировка кодлари оператор томонидан бепул тақдим этилиши;
  • 2023 йил 1 июлдан эътиборан тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни импорт қилувчилар зиммасига божхона юк декларациясида импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича агрегацияланган импорт кодини акс эттириш мажбурияти юкланиши белгиланди.

Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тартиби жорий қилинган кундан:

  • тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкасиз маҳаллий ишлаб чиқариш (экспорт учун ишлаб чиқариш бундан мустасно) тақиқланиши;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинаётган сув ва салқин ичимликларнинг агрегацияланган импорт коди бўйича маълумотларни божхона юк декларациясида кўрсатилмасдан, “эркин муомалага чиқариш” божхона режимида расмийлаштириш тақиқланиши;
  • олти ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилиши;
  • тўққиз ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларнинг улгуржи савдо ташкилотлари томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилиши;
  • тўққиз ой ўтгач тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни маҳсулотлар айланмаси иштирокчилари ўртасида тақсимлашни фақат электрон ҳисобварақ – фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳамда “Aсл белгиси” МAТга маълумот юборган ҳолда амалга оширилиши;
  • тегишли гуруҳлар учун белгиланган мажбурий рақамли маркировкалаш санасига қадар ишлаб чиқарилган ва юқорида белгиланган муддатда эркин муомалага киритилган сув ва салқин ичимликларни чакана савдо ташкилотлари томонидан ўн икки ойдан кўп бўлмаган муддатда идентификация воситаларисиз сотишга рухсат берилиши қайд этилган.

Шу билан бирга қарорга мувофиқ:

рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар бўйича электрон ҳисобварақ-фактура бир календар кун ичида сотиб олувчи томонидан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши тўғрисида норма “Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида” низомга (ВМнинг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарори) киритилиши;

рақамли маркировкаланиши шарт бўлган товарларнинг чакана савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари “Aсл белгиси” миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарти чакана савдо қоидаларига (ВМнинг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори) киритилиши назарда тутилган.

Мавзуга оид