Жаҳон | 15:11 / 06.11.2022
35371
11 дақиқада ўқилади

Намойишлар, референдум ва сайлов. Қозоғистонда Назарбоев эпохаси қандай тугатилди?

Photograph: Pavel Mikheyev/Reuters

Қозоғистон давлатини салкам ўттиз йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил мартида (вафот этмасдан туриб) ҳокимиятни Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди. Лекин мамлакат бошқарувидаги ролини йўқотмади. Тўқаев аввалбошда Элбоши сиёсатини деярли оғишмасдан давом эттирди. Бироқ 2022 йил январ ойида юз берган воқеалар Тўқаев ва Қозоғистон сиёсатига жиддий таъсир кўрсатди. Мамлакат ислоҳотлар йўлига қадам қўйди ва Элбоши эпохаси устунлари бирма-бир йўқ қилина бошланди. 20 ноябр куни бўлиб ўтувчи президент сайловлари бу кампаниянинг мантиқий якуни бўлади.

Назарбоев обрўсига кескин зарба берган тартибсизликлар

Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 мартда ўз истеъфосини эълон қилганди. Унинг ўрнини Конституция бўйича Сенат раиси бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаев эгаллади. Назарбоев эса мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди ва ўзининг Элбоши мақомини сақлаб қолди.

Тўқаевнинг президент сифатидаги илк қарори пойтахт Остона номини собиқ президент шарафига Нур-Султонга ўзгартириш бўлди. Кейинги йилларда ҳам Тўқаев Назарбоев сиёсатини давом эттирди. Назарбоевнинг давлат ишларидаги таъсири сезилиб турди. Деярли барча Қозоғистонда ҳокимият алмашинуви муваффақиятли кечгани, Назарбоев президентликдан кетса-да, ўз ҳокимиятини сақлаб қолганини қайд этди.

Бироқ 2022 январида ёнилғи нархлари оширилишига қарши бошланган намойишлар барчасини ўзгартириб юборди. «Қонли январ» деб ном олган январдаги тартибсизликлар Қозоғистонда кучли резонанс уйғотди. Намойишчилар мамлакатдаги коррупция, непотизм (қариндош-уруғчилик), бюрократия ва бошқа бир неча ўн йиллик муаммоларни ҳамда президентликдан кетса ҳам, ҳокимиятдан кетмаётган Элбоши режимини тўлиқ тугатишни талаб қилди.

Қозоғистонни январ ойи бошида ёнилғи учун нархлар ошиши ортидан бошланган норозилик намойишлари қамраб олганди. Фото: Reuters

Қозоғистон халқи Назарбоев эпохасидаги унинг қариндошлари, олигархлар, порахўр амалдорлардан чарчаган, тизимли муаммоларнинг ҳал қилинмай келаётганидан норози эди. Улар бу муаммолар сабабчиси сифатида Назарбоев кўриларди.

Бутун мамлакат бўйлаб Элбоши ҳайкаллари қулатилди ёки зиён етказилди. Намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди. Шаҳарларда талончилик авж олди. Назарбоев ва унинг оиласининг мамлакатдан қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Саросимага тушган Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кучларини чақирди.

6 январ куни бошланган КХШТ (Россия, Қирғизистон, Арманистон, Беларус, Тожикистон) операцияси Қозоғистондаги муҳим объектларни қўриқлаши, намойишларни тарқатишда иштирок этмаслиги айтилди. 14 январда, вазият назоратга олингач, КХШТ кучлари мамлакатни тарк этди.

Январ воқеалари Қозоғистондаги сиёсий мувозанатни буткул ўзгартириб юборди. Кўпчилик буни Қозоғистон сиёсий элитасидаги кураш деб ҳам атади. Мутлақ бошқарув ва эркинликка эришишни истаган Тўқаев ушбу намойишлар орқали бунга эришди.

У элитадаги Назарбоев тарафдорларини сиқиб чиқара бошлади, биринчи навбатда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарияти ҳибсга олинди. Назарбоевнинг қариндошларига қарши кампания бошланди.

Назарбоевнинг ўзи эса Хавфсизлик қўмитаси раиси лавозимидан кетди ва эндиликда оддий нафақахўр эканлигини айтди.

Тўқаев оммавий чиқишлар қилиб, мамлакатда ёнилғи нархи кўтарилмаслигига, шунингдек коррупция ва непотизмга қарши курашишга ваъда берди.

Тўқаев ислоҳотлари ва Назарбоев меросига зарба

Мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил 19 мартида ҳокимиятни ўз вориси Қосим-Жўмарт Тўқаевга ўтказганди.

Январдаги тартибсизликлардан сўнг Тўқаев Қозоғистон супер-президентлик республикасидан парламент республикасига айланиши, президент партия ишларига аралашмаслиги, унинг қариндошларига давлат лавозимларини эгаллаш тақиқланиши каби ислоҳотларни эълон қилди.

Тўқаев Назарбоев даврида аҳолининг жуда бой қисми шакллангани, улар ўз бойлигини халқ билан бўлишиши вақти келганини маълум қилди. У давлат хизматларида «тозалаш» ўтказиб, кўплаб мансабдорларини ишдан бўшатди.

Булар билан чекланмаган Тўқаев Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича иш бошлади. Бу борада халқ референдуми ўтказилиб, конституцияга жами 56 та ўзгартириш киритилди.

2022 йил 5 июнда бўлиб ўтган бу референдум орқали қабул қилинган асосий ўзгаришлар сифатида ўлим жазоси тақиқлангани (бунгача мораторий остида эди), давлат хизматчиларига партияга аъзолик чекланиши, президентлик муддати етти йил этиб белгиланиб, бир киши кетма-кет бир мартдан кўп муддатга сайланиши мумкин эмаслиги, президентнинг вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари қарорларини бекор қилиш имкониятидан маҳрум қилиниши, президент ушбу лавозимларга камида икки нафар номзод таклиф қилиши ва уни маҳаллий депутатлар билан келишиши кераклиги, парламентнинг қуйи палатаси аралаш мажоритар-пропорционал тизимда сайланишини кўрсатиш мумкин.

Бундан ташқари, парламент мавқейини мустаҳкамлагандек кўринувчи, амалда президент ваколатларига таъсир қилмаган ўзгартиришлар ҳам киритилди.

Референдумнинг энг асосий жиҳатларидан бири, Конституциядан собиқ президентга доир моддаларнинг чиқариб ташланганидир.

Хусусан, 46-моддадан қуйидаги банд чиқариб ташланди: «Қозоғистон биринчи президентининг мақоми ва ваколатлари республика Конституцияси ва конституциявий қонунлари билан белгиланади». Шунингдек, 91-моддадан биринчи президент мустақил Қозоғистоннинг асосчиси эканлиги ва унинг Элбоши (миллат етакчиси) мақоми ўзгармаслиги ҳақидаги қоидалар олиб ташланди.

Шу билан бирга, бош қомусдан биринчи президент ва унинг оила аъзолари дахлсизлиги ҳақидаги бандлар ҳам чиқарилди. Тўқаевнинг ушбу референдуми Назарбоев ва унинг оиласи сиёсий қудратига кескин зарба берди.

17 сентябрда эса Тўқаев ўзининг президент сифатидаги илк қарорини бекор қилди ва Қозоғистон пойтахти номини Нур-Султондан яна Остонага қайтарди. 22 сентябр куни ҳар йили 1 декабрда нишонланувчи Биринчи президент куни давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилди. Шу тариқа, мамлакатдаги энг машҳур Элбоши мерослари тугатилди.

26 сентябрда Назарбоевнинг анча кучли қариндошларидан бири, Миллий хавфсизлик қўмитаси генерал-майори Қайрат Сотиболдулига суд томонидан давлат маблағларини ўзлаштириш айби қўйилди ҳамда мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилиниб, 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Назарбоев қариндошлари устидан янгидан янги суд жараёнлари ташкил қилиш ҳали ҳам давом этмоқда.

Президентлик сайлови Назарбоев даврига сўнгги нуқтами?

Тўқаев ҳамон барча қозоғистонликлар томонидан қўллаб-қувватланмайди, аммо сиёсий майдонда уни алмаштирадиган бошқа куч йўқ. Фото: AFP

Мутахассислар «Назарбоев даври» деб унинг давридаги умумий сиёсий манзара қабул қилинса, демак навбатдаги президентлик сайлови бутунлай янги Қозоғистон дебочаси бўлмайди дея айтмоқда. Чунки Тўқаев ислоҳотлари мамлакатдаги демократик институтларни кучайтиришни кўзласа-да, давлатдаги кучли супер-президентлик республикаси тизимига деярли таъсир ўтказмайди. Тўқаев президент сифатида ҳали ҳам катта ваколатларга эга.

Жумладан, Қозоғистон президенти қуролли кучлар олий бош қўмондонлиги, парламентни тарқатиб юбориш, ҳукумат аъзолари ва олий судьяларни тайинлаш ҳамда ишдан бўшатиш каби энг муҳим ваколатларни ўзида сақлаб қолди.

Янги сайлов Тўқаев муддатини «ноллаштириш» учун ҳам ўтказилмоқда. У уч йилдан бери Қозоғистонни бошқаряпти, янги етти йилликка сайланиш Тўқаевга камида ўн йил президентлик қилиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, конституцияда «кетма-кет икки марта сайланиш тақиқланади» сўзи ишлатилган бўлиб, бу Россиядаги Путин ва Медведев рокировкаси каби сайланишни чекламаслиги мумкин.

Экспертлар июндаги референдумни Назарбоев меросига зарба беришдан ташқари, президент сайлови олдидан ўтказилган «репетиция» сифатида баҳолади. Бу орқали бўлажак президентлик сайловида Тўқаевнинг имконияти текширилди.

Ҳозир ҳам Тўқаев Қозоғистонда катта қўллаб-қувватловга эга эмас. Айниқса, унинг рус тилининг ролини Қозоғистонда қайта тиклаш ҳақидаги баёноти қозоқ жамиятида жиддий норозиликка сабаб бўлди. Қозоғистонликлар ҳали ҳам тўлиқ демократик сайловлар ўтказилмаётганидан норози, қолаверса, улар Тўқаевни мамлакатга чет эл кучларини (КХШТ) чақирган инсон сифатида кўради.

Шу сабаб, сайловдан олдин баъзи профилактик чоралар кўрилди. Масалан, Қозоғистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, Қозоғистон президентлигига номзодини қўйиш учун номзод сўнгги беш йил давомида давлат хизматида ишлаган бўлиши ва мамлакатда 15 йил яшаган бўлиши талаб қилинади. Бу қоида сайловда фуқаролик сектори ёки мухолифат номзодларнинг иштирок этишини жиддий чеклайди, чунки фақат давлат ишида ишлаган инсонларгина президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин. Бу президентликка сайланувчи инсон барибир давлат органларига алоқадор бўлиши кераклигини англатади.

Бу жиҳатлардан Тўқаев Назарбоев давридаги сиёсий-ижтимоий муҳитдан кўп ҳам фарқ қилмайдиган муҳит яратаётганини кўриш мумкин.

Намойишлар 2022 йил 2 январ куни Жанаўзенда (Қозоғистон ғарбидаги Манғистау областидаги шаҳар) сиқилган газ нархи қимматлашиши туфайли бошланган, кўп ўтмай Ақтау ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалганди. Фото: Getty Images

Агар Назарбоев даври тугаши сифатида Элбоши қариндошлари ва тарафдорларининг буткул мағлубиятга учраши ҳамда сиёсий майдондан кетиши ҳисобга олинса, бу борада навбатдаги сайлов ҳақиқатдан Назарбоев эпохаси якуни бўлади.

Элбоши ҳозиргача Тўқаев билан курашга киришмаётгани унинг халқ томонидан ҳам ёқланмаётгани билан боғлиқ. Ҳозирда Қозоғистон жамиятида Назарбоевни қўлловчи электорат жуда кам.

Бироқ, Назарбоевнинг қариндошлари, хусусан қизи Дариға Назарбоевада йирик молиявий қудрат ва ОАВ воситалари бор. Бу восита орқали Назарбоев(а)лар Тўқаевга қарши кампаниялар уюштириши, амалдаги президентнинг собиқ фаолиятига оид маълумотларни бошқача кўринишда эълон қилиши мумкин. Лекин ҳозирча улар бу ишни қилгани йўқ.

Назарбоев эса собиқ президент сифатида деярли барча ҳуқуқларидан маҳрум бўлди ва давлат ишларидан бутунлай сиқиб чиқарилди.

Янги сайловлар Тўқаевнинг ҳокимиятини легаллаштириш учун ҳам керак. Чунки, 2019 йил ёзидаги сайловлар норозилик ва шубҳали ҳисоблашлар билан ўтказилганди. Ўшанда, сайловдан сўнг «Тўқаев менинг президентим эмас» шиори оммалашганди. Кўпчилик қозоғистонликлар сайлов ҳаққоний ўтмаганини даъво қилган эди.

Бундан ташқари, Тўқаев у пайти унча машҳур бўлмай, Назарбоевнинг содиқ одами сифатида кўриларди. Сайловда ҳам у Назарбоев тарафдорлари ёрдамидан фойдаланди.

Ҳозир эса у жиддий электоратга эга бўлди. У билан рақобатлаша оладиган номзодлар ҳам деярли йўқ. Тўқаев бу сафар сайловда Назарбоевдан мустақил кадр сифатида қатнашиши ҳамда шаффоф ва қонуний ўтган сайловлар орқали сайланганини айтиши мумкин. Референдум натижалари мамлакатда президентни қўллаш учун етарли тарафдорлар борлигини кўрсатди. Тўқаев режа бўйича, ниҳоят, шубҳали сайловсиз, халқ танлаган президентга айланади ва янада жиддийроқ ҳаракатлар қилиш имконига эга бўлади. Жумладан, Назарбоев тарафдорларини узил-кесил йўқ қилиш ва ўзининг янги тизимини шакллантириш каби.

Бу жиҳатдан ўттиз йиллик Назарбоев эпохаси ўз якунига етди.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади

Мавзуга оид