Жаҳон | 19:30 / 21.11.2022
10663
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда 30 млн тенгедан ортиқ нақд пулни уйда сақлаш тақиқланди

Умумий декларация топшириш жараёни қоидаларига кўра, қозоғистонликлар уйида ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг (ОҲК) 10 минг бараваридан ортган маблағни банк ҳисобварақларида сақлаши шарт.

Фото: Tengrinews.kz/Турар Казангапов

2023 йил 1 январдан Қозоғистонда умумий декларация топшириш жараёнининг иккинчи босқичи бошланади.

Унинг доирасида давлат ва квази-давлат сектори ходимлари, уларнинг турмуш ўртоғи биринчи марта мол-мулк ва мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни топширади.

«Декларацияда Қозоғистондан ташқаридаги мол-мулк ва активлар, юридик шахсларнинг устав капиталидаги улуш, инвестиция олтини, қимматли қоғозлар ва бошқалар акс эттирилади.

Шунингдек, нақд пул ҳам кўрсатилади, бунда унинг миқдори ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичининг (ОҲК) 10 минг бараваридан ошмаслиги лозим. Бугунги кунда бу 30 миллион 630 минг тенге (қарийб 66 минг $). Ортиқча қиймат 2023 йил 31 декабрига қадар банк ҳисобварақларига жойлаштирилиши шарт», дейилади Давлат даромадлари департаменти хабарида.

Қозоғистонда умумий даромадлар ва мулк декларациясини топшириш жараёни 2021 йилда бошланган.

Биринчи босқичда, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари ва уларнинг турмуш ўртоғи декларация топширган.

Иккинчи босқичда 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат корхоналари (жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳалари) ходимлари ва уларнинг турмуш ўртоғи декларация топширади.

Учинчи босқичда, 2024 йил 1 январдан бошлаб – юридик шахсларнинг раҳбарлари ва таъсисчилари ҳамда уларнинг турмуш ўртоғи, якка тартибдаги тадбиркорлар ва уларнинг турмуш ўртоғи.

Тўртинчи босқичда, 2025 йил 1 январдан аҳолининг қолган тоифалари.

Декларацияни 15 июлдан кечиктирмай — қоғозда, 15 сентябрдан кечиктирмай - электрон шаклда топшириш мумкин.

Мавзуга оид