Ўзбекистон | 19:40 / 15.12.2022
12448
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтига университет мақоми берилди

Тошкентдаги Ёджу техника институтига университет мақоми берилди ва расман Тошкент кимё халқаро университети номини олди.

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институтида таҳсил олаётган талабалар университетда мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттирадилар ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда университет дипломи берилади.

Шунингдек, институтнинг расмий “ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ЁДЖУ ТЕХНИКА ИНСТИТУТИ” номини “ТОШКЕНТ КИМЁ ХАЛҚАРО УНИВЕРСИТЕТИ”га алмаштириш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу халқаро университет таъсисчиси А.Ваҳобов ва ректор Ж.Кудайбергенов бошчилигидаги расмий делегация Жанубий Кореянинг Gachon ва Hanyang университетларида бўлишди. Делегация ташрифи доирасида Тошкент Кимё халқаро университети ва Gachon университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ташрифдан кўзланган мақсад - мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма дастурлар кўламини кенгайтириш, профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Делегация Жанубий Кореяда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳолидан хабар олишди. Учрашув якунида ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини муҳокама қилиш бўйича мулоқотларни мунтазам ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Degu университетининг ректори Парк Соон Жин Тошкент Кимё халқаро университетининг халқаро ҳамкорлик бўйича ректор маслаҳатчиси ва кореяшунослик маркази раҳбари лавозимига тайинланди. Ҳамкорлик доирасида Жанубий Кореянинг Degu университети делегацияси ҳам Ўзбекистонда бўлиб, таълим мазмуни билан танишди.

Учрашув жараёнида икки университет ўртасидаги халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш, талабалар алмашинуви, 2+2 ва 3+1 таълим дастурларини ривожлантиришга келишиб олинди. Жумладан 2023 йил март ойидан бошлаб Degu университети томонидан Ўзбекистонга юқори малакали профессор ўқитувчиларни юбориш иш режаси тузилди. Ҳозирги кунда Тошкент Кимё халқаро университетининг 27 нафар талабаси бизнесни бошқариш, молия, туризм, халқаро иқтисодий алоқалар, архитектура ва шаҳар дизайни, халқаро маркетинг, бухгалтерия ҳисоби, банк иши ва корейс филологияси йўналишларида Degu университетида 2+2 таълим дастури бўйича таҳсил олишмоқда.

Мавзуга оид