Иқтисодиёт | 00:03 / 20.12.2022
32992
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш секинлашиши кутилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати 2022 йилда ЯИМ 5,7 фоизга, келаси йили 5,3 фоизга ўсишини тахмин қилмоқда. Кейинги икки йиллик прогнозлар ҳам 6 фоиздан ошмайди. Инфляция жорий йил якунида 12 фоиз, келаси йил 9,5 фоизга тушишига умид қилиняпти.

Бугун, 19 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2023 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонунни биринчи ўқишда қабул қилди.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2022 йилда 5,7 фоизга ўсиши кутиляпти. Ўсиш суръати 2023 йилда 5,3 фоиз, 2024 йилда 5,6 фоиз, 2025 йилда 6 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ҳукумат 2022 йилда инфляция даражаси 12 фоиз атрофида бўлишини, 2023 йилда 9,5 фоизгача пасайишини кутяпти.

2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 311 трлн сўм, харажатлари 343 трлн сўм миқдорида режалаштирилган ҳолда, 32 трлн 528 млрд сўм ёки ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдоридаги тақчиллик билан шакллантирилган.

2023 йилги давлат бюджети харажатлари 257 трлн 728 миллиард сўм бўлиши кўзда тутилмоқда. Харажатларнинг 50 фоизи ёки 130 трлн сўм ижтимоий соҳага йўналтирилади.

Таълим соҳасига 58 трлн 372 млрд сўм ёки давлат бюджети жами харажатларининг 23 фоизини ҳамда 2022 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 16 фоиз кўп маблағ режалаштирилмоқда.

Таълим соҳаси бўйича 18 та давлат дастурларини амалга ошириш харажатларига 7 трлн 585 млрд сўм маблағ режалаштирилмоқда. Жумладан:

  • нодавлат мактабгача таълим муассасаларига Давлат бюджетидан 2 трлн 259 млрд сўм миқдорида субсидиялар ажратиш;
  • умумий ўрта таълим муассасаларида дарсликларни янгилаш билан боғлиқ харажатлар учун 920 млрд сўм;
  • олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш квоталарини ошириш мақсадида 984 млрд сўм;
  • тўлов-контракт асосида ўқиётган ҳар бир талабага билим олиш учун қулай шароит ва тенг имкониятлар яратиш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан таълим кредитига ресурс ажратиш учун 1трлн 700 млрд сўм;
  • талабалар турар жойларини барпо этиш ва унда яшайдиган ҳар бир талаба учун субсидиялар ажратишга 284 млрд сўм маблағлар режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига:

28 трлн 426 млрд сўм режалаштирилган. Шундан, ушбу соҳага тегишли 22 та давлат дастурларини амалга ошириш учун 1трлн 500 млрд сўм маблағлар режалаштирилган. Жумладан:

  • оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш учун зарур дори ва тиббиёт воситалари билан қўшимча таъминлаш харажатлари учун 31 млрд сўм;
  • онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатларга 138 млрд сўм;
  • онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига 180 млрд сўм режалаштирилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий таъминот йўналишига 33 трлн 67 млрд сўм кўзда тутилган. Жумладан:

  • бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий фарқни қоплаш учун 15 трлн сўм;
  • кам таъминланган оилаларни ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 18 трлн 67 млрд сўм маблағлар режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид