Мактаблар маъмурий буйруқбозлик вертикалининг бир бўғини бўлиб қолган — Жамшид Муслимов
Таътил ҳақидаги палапартиш қарорлар мактаб таълими тизимидаги бошқарувда жиддий нуқсонлар борлигини кўрсатди. Хўш, таълим тизимидаги бошқарув қанчалик тўғри йўлга қўйилган? Аслида қандай бўлиши керак? Жамоатчилик фаоли Жамшид Муслимов Kun.uz билан суҳбатда шу каби саволлар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Суҳбатдошимиз интервью аввалида иқтисодчи эканига қарамай, анча йиллардан бери таълим соҳасини кузатиб, бу борада экспертлар билан бир қанча суҳбатлар ва подкастлар ҳам тайёрлаганини таъкидлади. Ушбу суҳбатимиздаги фикрлари ҳам шулар асосидалигини қайд этди.
— Ўзбекистондаги аномал совуқ ва бунинг ортидан мактаблардаги қишки таътилнинг узайтирилганидан хабардор бўлсангиз керак. Таълимда бундай фавқулодда қарорлар қабул қилинишига муносабатингиз қандай? Мана шу ўзгаришлар фонида таътил муддатларини ўзгартириш ваколати ҳокимликларга берилганига қандай қарайсиз?
— Маҳаллий ҳокимият бу жараёнга аралашишининг асосий сабаби – у коммунал хизматлар учун жавоб беради, болаларнинг мактабга қатнаши учун эса маълум бир стандартлар бўйича шароит бўлиши керак. Муниципал ваколатга эга бўлган мутасаддилар болаларнинг мактабга кела олиши ёки ундай бўлмаслиги, шароит бор ёки йўқлиги ҳақида айта олади. Дейлик, маҳаллий ҳокимият бу ҳақда ҳеч қанақа билдиришнома қилмаган тақдирда ҳам болалар мактабга боришса, у ерда шароит яхши бўлмай, қаттиқ совуқ бўлса, давлат бу жараённи тўхтатишга мажбур бўлади. Мисол учун, хусусий мактаб очадиган бўлсангиз, шарт-шароитлари бўйича қаттиқ текширув бўлади ва шунга қараб фаолият билан шуғулланиш ёки шуғулланмасликка рухсат берилади. Бунда ҳам худди шу нарса ишлайди, бу – табиий ҳолат.
Таълим жараёнига келсак, унга муниципал ҳокимиятнинг аралашуви яхши эмас. Бу мутлақо нотўғри. Менимча, таълим ҳақиқатан ҳам ислоҳ қилинадиган бўлса, 3 та нарсага бўйсуниши керак. Биринчидан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига, иккинчидан ўқитувчилар ва таълим мутахассисларининг профессионал ҳамжамиятига бўйсуниши лозим. Бу ҳамжамият давлатдан мутлақо мустақил бўлиши керак. Керак бўлса, ўқитувчиларга лицензия берадиган, таълим билан шуғулланишга рухсат берадиган шунақа махсус бир тузилма бўлиши ва давлатдан мустақил бўлиши керак. Ва учинчиси – ота-оналар ҳамжамиятидир. Яъни манфаатдорлар ҳамжамияти… Улар ўзининг ёки атрофдаги мактаблари миқёсида йиғилиб, шу таълим муассасаларини назорат қилиши мумкин. Мактаблар мана шу 3 та кучнинг назорати остида бўлиши керак.
Бу тизимда муниципал ҳокимиятлар фақат хизмат кўрсатади. Унинг ҳар хил тадбирларига мактабдаги қизларнинг бошига “бантик” тақтириб, қўлга гул бериб чиқариши, сайловларда ўқитувчилар вазифасидан ташқари ишларда қатнашиши керак эмас. Йўқ, маҳаллий ҳокимиятлар бунда мутлақо аралашишга ҳаққи йўқ.
Баъзи шаҳар ёки вилоят фаолиятига тааллуқли тадбирлар бўладиган бўлса ва бу тадбирлар ҳақиқатан ҳам таълимга алоқадор бўлса, ўшанда ҳам ҳамкорликда қандайдир ишлар қилиниши мумкин. Лекин буйруқ берадиган тизимда мутлақо ишлаш керак эмас. Мактаблар бошқарув органига айланиб қолган. Таълим муассасаси эмас, маъмурий буйруқбозлик вертикалининг бир бўғини бўлиб қолган. Шуни ажратмагунича, таълим ислоҳоти ҳақида ҳеч нима дейиш мумкин эмас.
Таълим вазирининг ҳам гапи ўтмайди бу вазиятда. Ўқитувчилар ҳамжамияти ва ота-оналарнинг назорати ҳақида-ку, умуман гапирмаса ҳам бўлади. Мактаб директори, унинг ўринбосари, ўқитувчи ва ҳатто қоровули бўладими, бунга муниципал органларнинг аралашишга ҳеч қандай ҳаққи бўлиши керак эмас.
Ҳокимлар нима асосида, Конституциянинг қайси банди асосида бундай назоратни амалга оширишади? Айтяпман-ку, бу ерда таълимни ривожлантириш ёки таълимни таълим билан шуғулланиши учун эмас, уни жамиятда бошқарув органига айлантириш мақсад қилинган. Бу – катта хато. Мактаб директорини тайинлаш ҳамкасблар орасидан сайланган ўқитувчилар ҳамжамияти, керак бўлса, ота-оналар, кенгашларнинг розилиги, вазирликнинг назорати асосида бўлиши керак.
Айтилаётган муаммоларнинг таълимга мутлақо алоқаси йўқ. Таълимга таъсири бор, таълимни абгор қилади, уни тўсиб, бузади. Шу жиҳатдан алоқаси бор. Бу таълимнинг ўзидан келиб чиқадиган ёндашув эмас.
— Яқинда президент педагоглар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашганди. Мана шу учрашувда Шавкат Мирзиёев “районо”, “облоно” ва “гороно”ларни ёпишни истаётганини айтди. Бу бўлим ва бошқармаларни ёпиш керакми, улар ўзи нега керак?
— Эътибор берсангиз, бу ерда мени ҳайратлантирган жиҳати – муниципал органларнинг босимидан озод қилиш эмас, балки шу таълим вазирлигидан бўшаштириш бўляпти. Вазирлик жойлардаги мутасадди вакиллари, яъни эски вақтларда “районо”, “гороно”, “облоно”лар дейиларди, шулар орқали мактабларга таъсирини ўтказа оларди. Бу бўлим ва бошқармаларнинг мавжудлигига 2 та нуқтайи назардан қараш мумкин: салбий ва ижобий.
Салбий нуқтайи назардан қараганда, мактабда ўқитувчилик қила олмаган, ўқитувчилик иқтидорига эга бўлмаган одамларни тизимдан чиқариб юборишнинг ўрнига шундай жойларга юборишар эди. Шунақа деб эшитар эдик-да.
Иккинчи томондан, яъни ижобий томонини айтсак, “районо”, “облоно”лар жаҳон, мамлакат, тумандаги ўқитувчилар ишлаб чиқаётган турли хил самарали методлар, услубиятларни ўзида жамлаб, уни тизимга солиш ва қўллаш, мактабларга сингдириб бориш, унинг қандай ишлаётганини кузатиш ҳамда шунга ўхшаган вазифаларни бажариши керак эди. Яъни буларнинг қандай ишлаши таълим вазирлиги ишини қандай йўлга қўйиши билан боғлиқ. Эҳтимол, вилоят ва туман миқёсидаги бу ташкилотларда 3-4 нафар одам ишлар, бунга қараш керак. Бутунлай ёпиб юбориш нима дегани? Агар ҳақиқатан ҳам атрофидаги мактабларга методологик хизмат кўрсатадиган ташкилот бўладиган бўлса ёки мактабдан ташқари таълим машғулотларига ёрдам бероладиган орган бўлса, нима учун ёпиб ташлаш керак?
Ўзи у ёки бу органларни очиш ва ёпиш ҳақида фикрлаётганда, “шуни ёпиб юборсак, таълим бунда ютадими ёки ютқазадими? Ютқазса, нимадан ютқазади, ютса, нимадан ютади?” – мана шу саволларга аниқ, мутахассисларча жавоб беролгандан кейин қарор қабул қилинади. Нима учун гап айланиб туман ёки вилоятдаги бошқарув органлари ҳақида кетяпти-ю, лекин муниципал ҳокимиятларнинг таълим жараёнига бевосита салбий таъсир ўтказаётгани ҳақида гап-сўз йўқ. Шу нарсага ҳам эътибор бериш керак, деб ўйлайман.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирчи – Асрор Алмуродов.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
14:01 / 13.10.2024