Навбат энди бензинга. АЁҚШларда навбатлар ҳосил бўлмоқда
АЁҚШларда аввал бир ҳафтада сотилган бензин ҳозирги кунларда бир неча соатда сотиб бўлиняпти. Шохобчаларнинг аксариятида Аи-80 маркали бензин йўқ. Борларида километрлаб навбатлар ҳосил бўлган.
Kun.uz мухбири ҳудудларда бўлиб, метан-шохобчалар фаолиятига чеклов ортидан юзага келган шу каби ҳолатларни тасвирга олди.
Шунингдек, энг оммабоп бензин маркаси АЁҚШларга нега етиб бормаётганига боғлиқ саволлар билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Мароқанд нефт базаси” МЧЖ раҳбари билан суҳбатлашдик.
Бугун қайси АЁҚШда AИ-80 бензини сотилаётганини билиш учун унча бош қотириш шарт бўлмай қолди. Агар сиз қайси шохобчада адоқсиз машиналар ва навбатларни кўрсангиз, билингки, ўша жойда AИ-80 бор.
Самарқанд шаҳридаги “Динора” МЧЖга эндигина AИ-80 маркали бензин олиб келинганидан хабар топдик. Аллақачон юзлаб машиналар навбатда турибди. Шаҳар шифохонаси яқинидан ўтган бу кўча шундоқ ҳам тор ва таъмирталаб бўлгани учун катта тирбандлик ҳосил бўлган.
Шохобча мутасаддиларининг айтишича, 5 тоннадан ортиқроқ AИ-80 маркали бензин олиб келинган ва қисқа вақт ичида 2 тоннадан ортиғи сотиб бўлинган. Бу миқдордаги бензин кўпи билан уч соатда сотилиб кетаётганини айтишди. Бир мижозга кўпи билан 20 литр бензин сотиляпти. Метанга чекловлар қўйилмасидан олдин 5 тонна бензин сотилиши учун бир ҳафтагача вақт керак бўлган.
Навбатда турган ҳайдовчиларни суҳбатга тортдик. Табиийки, бу жараёнлар, узлуксиз навбатда туриш мижозларни зада қилиб қўйган.
“Бир неча соат давомида кутиб, эндигина навбатим келганда AИ-80 тугаб қолди. Мажбур бўлиб қарийб икки баробар қиммат бўлган АИ-92 сотиб олдим, одамга жуда алам қиларкан”, – дейди ҳайдовчилардан бири.
“Шу пайтгача метан газда юрганман. Таксичилик қиламан. Деярли ҳар куни соатлаб навбатда туряпман, кўпинча мажбур бўлиб қиммат нархдаги бензинни олишга тўғри келяпти. Одамлар ҳам тушуняпти, ёнилғини қийинчилик билан олаётганимиз учун машинамизга ўтирган мижозлар нархга талашмай ҳам қолди”, – дейди бошқа бир ҳайдовчи.
Кўпчилик АЁҚШларда 20 литрдан ортиқ бензин сотилмаётганидан норози бўлмоқда. Шохобча эгалари эса ёнилғини кўпчиликка етказиш учун шу йўлдан фойдаланилаётганини билдиришди.
Шаҳарнинг гавжум Рудакий кўчасида жойлашган "Planeta Neft Gaz Invest" МЧЖда 25 январ куни AИ-80 маркали бензин сотилмаётганди. Шу сабабли бу ерда катта навбат йўқ. Шохобча директори ўринбосари Убайдулла Бўриев билан телефон орқали суҳбатлашдик. У айни вақтда “Мароқанд нефт базаси”дан қайтаётгани, базада ҳам катта навбатлар юзага келаётгани, айни вақтда биржа орқали харид қилинган AИ-80 маркали бензинни олиб келаётгани, бензин шохобчага етиб келган заҳоти сотилиши, ушлаб турилмаслигини айтди.
Паст Дарғом тумани “Чортут” МФЙда жойлашган АЁҚШ “Мароқанд нефт базаси” МЧЖга қарашли бўлиб, бу ерда 24 соат давомида AИ-80 маркали бензин сотилмоқда. Шу билан бирга, навбатнинг адоғи кўринмайди. Биз билан суҳбатлашган мижоз 4 соатдан бери (!) навбат кутаётгани, бир кун аввал эса 8 соат навбатда турганини маълум қилди.
“Мароқанд нефт базаси” МЧЖ директори Жамшид Амиров вазиятга изоҳ берди.
Амировга кўра, вилоятдаги 150 га яқин метан газ қуйиш шохобчалари фаолиятини тўхтатгани сабабли бензинга бўлган талаб ниҳоятда ортиб кетган. Метан шохобчалар ёпилгунга қадар биржа савдолари орқали кунига 250-300 тонна бензин сотилган бўлса, ҳозирга келиб бу миқдор 1000 тоннагача кўтарилган. Вилоятда 200 дан ортиқ АЁҚШ мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири кунига 5 тоннагача AИ-80 бензини харид қилиш имкониятига эга.
База директори биржа савдолари барча шохобчалар учун бирдек очиқ бўлиб, ҳеч кимга афзаллик берилмаслиги, исталган АЁҚШ савдода қатнашиши мумкинлигини айтди. Чеккароқ жойлардаги шохобчаларда арзон бензин сотилмаётганини эса ўша тадбиркорларнинг дилерлари “яхши ишламаётгани” билан изоҳлади.
Жамшид Амиров “Мароқанд нефт базаси” максимал даражада ишлаётганини айтмоқда. Бироқ ҳудудларда вазият тобора оғирлашяпти. Демак, ҳаракатлар етарли эмас. Бу муаммога ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши ва албатта тезроқ ечим топилиши лозим.
Исомиддин Пўлатов,
Фахриддин Ҳотамов,
Kun.uz
Мавзуга оид
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024
Тошкентдаги яна учта АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
07:40 / 30.10.2024
Тошкент шаҳридаги айрим АЁҚШда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
12:30 / 24.10.2024