Ўзбекистон | 19:00 / 01.02.2023
9898
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чет элликларни вақтинчалик рўйхатга олиш бўйича талаблар соддалаштирилди

Чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатга олиш муддати 3 иш куни этиб белгиланди.

Фото: AP

Ўзбекистонда вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олишни улар Ўзбекистон Республикасига кириб келганидан кейин миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасаларига 3 иш куни давомида мурожаат қилиш орқали амалга оширилиши белгиланди. Олдин бу муддат 2 кунга тенг эди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги 35-сон қарорида шундай тартиб белгиланди.

Бундан ташқари, мамлакатда бўлиш қоидаларини бузган, шунингдек, бошқа қоидабузарликларга йўл қўйган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасасида вақтинча рўйхатга олишни фақат ички ишлар органларидан рухсат олингандан кейин амалга ошириш тартиби бекор қилинди.

Энди бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг маъмурияти, хусусий уй-жой эгалари ҳудудий ички ишлар органларига «E-mehmon» дастури орқали хабар берган ҳолда жойлаштиради.

Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинди ва 2023 йил 31 январдан кучга кирди.

Мавзуга оид