БМТ Термиздан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатди
Бугун Бирлашган миллатлар ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги, БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Ўзбекистон ҳукумати кўмагида Термиз шаҳридаги халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби орқали Афғонистонга навбатдаги беғараз ёрдамини жўнатди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон кўмагида қўшни мамлакатга 12 та юк машинасига юкланган 48 мингдан ортиқ кўрпа (адёл) қаҳратон совуқда ҳимояга муҳтож афғон халқининг ҳаётини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.
БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг мамлакат жанубидаги гуманитар логистика минтақавий маркази Ўзбекистон –Афғонистон чегарасидан 2 километр узоқда жойлашган. Марказ БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигига минтақадаги захираларни зарур маҳсулот билан тез тўлдириш ва гуманитар ёрдам кўрсатишда янада мослашувчан бўлиш имкониятини беради.
– Биз Ўзбекистон ҳукумати билан жафокаш афғон халқига ҳаётий инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттириш учун барча саъй–ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз, — дейди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги катта маслаҳатчиси Френк Ремус.– Ҳамкорликдаги ишимиз бу йилги совуқ қишда ҳам жуда муҳим аҳамият касб этаётир. Чунки, бу сафарги инсонпарварлик ёрдами Афғонистондаги кўплаб ҳимояга муҳтож инсонларнинг кўрпага (адёл) бўлган эҳтиёжини қондиради.
Термиздаги Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби Афғонистон, Эрон, Покистон ҳамда Марказий Осиё ва ундан ташқарида БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик операцияларига ёрдам бериш учун асосий консолидация ва жўнатиш пункти бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги икки йилда марказ орқали кўчирилган оилалар, сув тошқинлари ва зилзила каби табиий офатлардан жабр кўрганлар учун 217 та юк машинасида гуманитар ёрдам жўнатилган. Бу ердан юборилган юклар муҳим уй-рўзғор идишлари, ётоқ тўшаклари, брезент, челак, кўрпа, зангламайдиган пўлатдан ясалган ошхона тўпламлари, кўчма қуёш энергияси билан ишлайдиган лампа сингари асосий эҳтиёж буюмларидан иборат.
Термиздаги халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабидан беғараз ёрдам юки ортилган автомашиналар карвони «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Мозори Шариф шаҳрига жўнаб кетди.
Мавзуга оид
10:00
Президент махсус вакили Нидерландия элчиси ва АҚШ эксперти билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
14:50 / 01.11.2024
БМТ: 2023 йилда парник газлар концентрацияси янги рекорд даражага етди
08:56 / 01.11.2024
БМТ бош котиби Исроилнинг UNRWA ишини тақиқлаш қароридан чуқур хавотирда
17:01 / 29.10.2024