Ўзбекистон | 21:12 / 09.02.2023
30723
2 дақиқада ўқилади

«Нарсаларни тахлаб улгурмаяпмиз» – Самарқандда Туркияга юбориш учун ёрдам йиғилмоқда

Самарқанд шаҳрида турк халқига гуманитар ёрдам жўнатиш учун кўнгиллилар ташаббус кўрсатди. Сўғдиёна массивида жойлашган Янгиобод масжиди автотураргоҳига махсус контейнер жойлаштирилди.

Гуманитар ёрдам ташаббускорларидан бири Хайрулла Мамасолиев айни вақтда ўн нафар волонтёр ушбу хайрли ишга бош қўшганини айтмоқда. Аҳолидан маҳсулот қабул қилиш 9 феврал куни, соат 09:00 дан бошланган. Бир неча соат ичида кўплаб инсонлар ўз ҳиссасини қўшиб улгурган. Ёрдам қилиш истагида бўлган инсонлар оқими тўхтамаяпти. «Нарсаларни тахлаб улгурмаяпмиз», дейди ташкилотчилар.

«Кўнгилли дўстларимиз билан бу каби лойиҳаларни аввал ҳам қилганмиз. Хусусан, Сардоба фожиаси оқибатида жабр кўрган аҳолига ҳам ёрдам уюштириб бергандик. Бироқ Ўзбекистондан ташқарига бу турдаги гуманитар ёрдам юбормагандик. Келаётган маҳсулотларни турига қараб махсус қутиларга жойлаб, зарарланмаслиги учун скотчлаяпмиз.

Контейнер тўлгач, маҳсулотларни махсус юк машинаси ёрдамида Туркияга жўнатишни режалаштириб турибмиз. Турк халқи билан кўп асрлик дўстмиз, илдизимиз бир. Буни чуқур ҳис қилган халқимиз ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаяпти, сафимизга қўшилиб волонтёрлик қилиш истагини билдираётганлар ҳам кўпаймоқда», дейди Санжар Абдураҳмонов.

Ёрдам марказига Туркиянинг Самарқанддаги ваколатхонаси бош консули Солиҳ Жанер ҳам келиб, ушбу ташаббус учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Гуманитар ёрдам қабул қилиш ҳар куни 09:00 дан 18:00 га қадар давом этади. Ёрдам юклари Самарқанд шаҳри, Сўғдиёна массивидаги Янгиобод масжиди автотураргоҳида ташкил қилинган марказда қабул қилинмоқда.

Мавзуга оид