Жаҳон | 08:52 / 09.03.2023
5912
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқида 1 миллиондан ортиқ украиналик қочқин иш билан таъминланди

Еврокомиссия урушдан қочган украиналикларни вақтинчалик ҳимоя қилишнинг махсус механизмининг бир йиллик фаолияти натижаларини сарҳисоб қилди. Европа Иттифоқида уларнинг сони 4 миллион, 1 миллиондан ортиғи аллақачон иш билан таъминланган, аммо ҳамма болалар ҳам Европа Иттифоқидаги мактабларга ҳали боришни бошламаган.

Фото: AFP

4 миллионга яқин украиналик Европа Иттифоқидан вақтинчалик бошпана олди, улардан 3 миллиони 2022 йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқининг вақтинчалик ҳимоясига эга бўлди. Урушдан қочган бир миллиондан ортиқ украиналиклар аллақачон Европа иқтисодий зонасида иш билан таъминланган. Бу ҳақда Еврокомиссия 8 март, чоршанба куни урушдан қочган украиналикларни вақтинча ҳимоя қилиш бўйича махсус директива қабул қилинган кунга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Бошқа тоифадаги қочқинлардан фарқли ўлароқ, украиналиклар меҳнат бозорига тўсиқсиз кириш имконига эга, деди Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Шинас.

Умуман олганда, Россиянинг кенг кўламли истилоси бошлангандан бери Европа Иттифоқига 16 миллион украиналик келди. Улардан 11 миллиони кейинчалик ўз ватанларига қайтди, Украинадан қочган яна 1 миллион фуқаро АҚШ, Канада, Буюк Британия ва бошқа мамлакатларга сафарни давом эттирди, деди Европа комиссари Илва Йоханссон. Унинг таъкидлашича, Украинага қайтганларнинг бундай қарори ўз ватанидаги мажбуриятлари, мамлакатни ҳимоя қилиш, оиласи билан бирлашиш, бизнесни давом эттириш ва Украина ҳаётида иштирок этиш истаги билан боғлиқ.

Россия агрессиясидан ЕИга қочганларнинг 47 фоизи аёллар, 34 фоизи болалардир. Украинадаги барча болаларнинг деярли бешдан бири ҳозир Европа Иттифоқида яшайди. Украинадан келган 1,3 миллион боладан атиги ярим миллиони Европа Иттифоқидаги мактабларда ўқияпти, деди Маргаритис Шинас. «Биз уларнинг кўпчилиги Украина мактабларида онлайн ўқишади деб гумон қиляпмиз», деди у ва мамлакатлар расмийлари вазиятни баҳолаш мақсадида ўрганаётганини қўшимча қилди. Европа комиссари украиналик болаларни интеграция учун Европа Иттифоқи мактабларида ўқишга чақирди, чунки уларнинг ЕИда ўқиши ЕИ аъзолигига номзод бўлган урушдан кейинги Украина келажагига сармоядир.

Мавзуга оид