Ўзбекистон | 12:13 / 15.03.2023
17557
2 дақиқада ўқилади

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ишдан олинди

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, бошқа ишга ўтиши муносабати билан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари лавозимидан озод қилинди.

Алишер Инаков / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

“Янги Ўзбекистон” нашри хабарига кўра, қуйидагилар лавозимидан озод қилинди:

  • Алишер Инаков Ўзбекистон Республикаси Тиббий- ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори лавозимидан;
  • Баҳодир Каримов Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг тиббий-ижтимоий масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан;
  • Ғайрат Исроилов Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорининг молиявий-иқтисодий ва қурилиш масалалари  бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Алишер Инаков 2021 йил апрель ойида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори этиб тайинланганди. Ундан аввал у Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори в.в.б. бўлган.

Баҳодир Каримов ҳам 2021 йил апрель ойида агентлик директорининг тиббий-ижтимоий масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган. У аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори ўринбосари в.в.б. бўлган.

Баҳодир Каримов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бундан ташқари, 2021 йил апрель ойида Ғайрат Исроилов агентлик директорининг молиявий-иқтисодий ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. У аввал Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибиятининг Пенсия таъминоти ва кам таъминланган оилалар масалалари бўйича бош мутахассиси сифатида фаолият юритган.

Ғайрат Исроилов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Президент фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш белгиланган эди.

Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Мавзуга оид