Спорт | 09:04 / 23.03.2023
26109
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ раҳбари яна Россия ва Беларус спортчиларини мусобақаларга киритишга чақирди

Фуқаролик асосида спортчиларни четлатиш «камситиш» бўлади, дейди Томас Бах. Унинг нутқи норозилик акцияси билан кечди.

Фото: Reuters

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах 23 март куни Эссен шаҳрида сўзлаган нутқида россиялик ва беларуслик спортчиларнинг мусобақаларга кириши учун шароит яратиш тарафдори эканини айтди. ХОҚ раҳбарининг сўзларига кўра, россияликлар ва беларусликларнинг фақат фуқаролиги бўйича четлатилиши «дискриминация» бўлади, Олимпия ўйинлари эса «қисқа вақтда мулоқотга ҳисса қўшиши мумкин».

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошида ХОҚ Россия ва Беларусни мусобақадан четлаштиришни тавсия қилган бўлса, энди Томас Бах бошчилигидаги ташкилот 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари арафасида нейтрал байроқ остида спортчиларни қабул қилишни ёқламоқда.

Бах «спортга сиёсий таъсир кўрсатиш» ва русларга «гўё улар жамоавий айбдордек» муносабатда бўлиш ҳақидаги ҳар қандай таклифга қарши эканлигини айтди. Аввалроқ ХОҚ якуний қарорни спорт федерацияларига қолдирган ҳолда, «урушни фаол қўллаб-қувватловчи» спортчиларга рухсат беришни истамаслигини билдирган эди. Томас Бах ўз нутқида аниқлик киритдики, қўмита бошқа нарсалар қатори, спортчиларнинг Z ҳарфи билан рамзларни тақишини ва ижтимоий тармоқлардаги постларини урушни фаол қўллаб-қувватлаш сифатида баҳолайди.

Бахнинг Россия ва Беларус спортчиларига нисбатан позицияси кескин танқид қилинди. ХОҚ раҳбари иштирокида тадбир ўтказилган Эссен филармонияси олдида 150 га яқин намойишчилар йиғилди. «Опора» Украина-Германия ассоциацияси томонидан Россия ва Беларусдан спортчиларнинг Олимпиадага киритилиши мумкинлигига қарши норозилик акцияси ташкил этилди. «Биз бу босқинчилик уруши тугаганидан кейингина спортчиларга рухсат берилишини талаб қиламиз. Мен Томас Бахдан нима учун у Владимир Путинга бунчалик ихлос қўйганини сўраган бўлардим», - дейди ассоциация аъзоси, собиқ спорт расмийси Томас Шиманн.

Мавзуга оид