Жаҳон | 18:37 / 31.03.2023
8577
2 дақиқада ўқилади

Евроҳудудда йиллик инфляция 6,9 фоизгача секинлашди

Арзонлашаётган энергия туфайли евроҳудудда нархларнинг ўсиши кутилганидан кўра секинлашди, аммо базавий инфляция янги юқори даражага - 5,7 фоизга етди.

Фото: Jin Mamengni/Xinhua/IMAGO

Евроҳудуднинг 20 та давлатида йиллик инфляция март ойида 6,9 фоизгача пасайди. Бундан 31 март, жума куни эълон қилинган Европа статистика агентлиги - Eurostat’нинг дастлабки маълумотлари далолат бермоқда.

Евроҳудудда инфляция даражаси октябр ойида 10,6 фоизлик тарихий энг юқори даражага етганидан бери пасайишда давом этмоқда. Февралдаги 8,5 фоиздан март ойида 6,9 фоизгача нархларнинг секинлашиши кутилганидан кескинроқ бўлди, бу Eurostat тарихидаги энг катта ойлик пасайиш бўлди, дея қайд этади Financial Times. 

Энергия нархларининг ўсиш суръати ҳам секинлашди: март ойида улар ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 0,9 фоизга арзонлашди. Февраль ойида энергия 13,7 фоизга ошди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 15,4 фоизга (февралда - 15 фоиз) ошди. Энг паст инфляция даражаси Люксембург (3 фоиз), Испания (3,1 фоиз) ва Нидерландияда (4,5 фоиз) қайд этилган. Нархлар энг кўп Латвия (17,3 фоиз), Эстония (15,6 фоиз) ва Литвада (15,2 фоиз) ошган. 

Энергия ва озиқ-овқат харажатларини ҳисобга олмаганда, базавий инфляция, аксинча, евроҳудудда яна рекорд даражага етди ва март ойида 5,7 фоизни (февралда 5,6) ташкил этди, дея қайд этади FT. Нашрга интервью берган таҳлилчиларга кўра, бу икки фоизли базавий инфляцияни кўзлаётган Европа Марказий банки (ЕМБ) томонидан ставкаларни янада оширишга асос бўлади. 

Мавзуга оид