Жаҳон | 15:17 / 26.05.2023
16516
6 дақиқада ўқилади

75 йил аввалги аянчли тарих: ирқий камситишларга тўла апартеид сиёсати

Тарихда оқ танлиларнинг қора танлиларга ўтказган зуғумлари ҳақида кўп ўқиганмиз. Бу мавзу очилганда одатда хаёлимиздан қуллар савдоси, қулдорлик тизими ўтади. Бироқ бу каби ишлар фақат 200-300 йил олдинги даврларга хос эмас. Жумладан, бундан 75 йил аввал бошланган апартеид сиёсати янги тарихнинг энг кир саҳифалардан бири ҳисобланади. 

Ирқий камситишни қонунийлаштириш

Не тонгки, Буюк Британия колониялари бўйлаб озодлик шабадалари эса бошлаган, дунё фашизмдан қутулган бир вақтда Жанубий Африка Иттифоқида ўта ўнг миллатчи ва ирқчилар партияси («Миллий партия») 1948 йилги сайловларда ғалаба қозонди. 

Жанубий Африка европалик колонизаторларнинг энг катта манзилларидан саналар, бу ерда миллионлаб оқ танлилар диаспораси шаклланганди. Миллий партия ажратувчилик сиёсатида уларнинг қўлловига таянди. 

Миллий партия мамлакатда ирқий бўлинишлар асосидаги ўта қаттиқ қонунларни жорий қилди. Бу қонунлар асосида «давлат – оқ танлилар учун» шиори ётарди. Ваҳоланки, оқ танлиларнинг аҳоли улушидаги сони 20 фоизга ҳам етмасди. 

Апартеид (апартеид – африканс тилидан олинган бўлиб, бўлиш, ажратиш, алоҳидалаш дегани) эълон қилингач, куракда турмайдиган қонунлар асосида қора танлилар ижтимоий ҳаётда оқлардан ажратиб ташланди. Қора танлилар ҳаттоки фуқаро сифатида ҳам кўрилмай, бантустанлар деб аталувчи, ташландиқ ҳудудларга сиқиб чиқарилди, ҳосилдор ва ривожланган жойлар «оқ ҳудудлар» дея атала бошланди. 

Апартеид сиёсати қатор чекловларни жорий этди. Жумладан: 

– Қора танлилар ва оқлар ўртасидаги жинсий ва никоҳ муносабатлари бутунлай тақиқланди;

– қораларнинг оқларнинг ҳудудларида махсус рухсат билан кириш жорий этилди;

– автобус ва бошқа транспортлар ҳам ажратилди. Ҳатто оқ танлилар учун алоҳида скамейкалар жорий этилди. Алоҳида кинотеатр, пиёдалар йўлакчаси ва ҳожатхоналар ишга туширилди. 

Ирқий ажратиш олий таълимга ҳам кириб борди. Оқлар, қоралар, осиёликлар ва «ранглилар» (метислар) учун алоҳида олийгоҳлар очилди. 

Қора танли полициячилар оқларни қўлга ололмасдилар. Ирқий камситишга учраган аҳоли яшайдиган ҳудудларда инфраструктура шунчаки ҳалокатли эдики кўп жойларда сув, электр каби оддий эҳтиёжлар йўқ эди, тиббий хизмати хароб, шифокорлар етишмасди. Оқ танлиларда эса бу нарсалар жуда яхши йўлга қўйилганди.

Фото: Эллиотт Эрвитт

Апартеидга қарши сиёсий ҳаракатлар

Охир-оқибатда ирқчи сиёсатнинг душманлар кўпая бошлади. Маҳаллий африкаликлар Африка миллий конгрессини туздилар ва норозилик чиқишларини бошладилар. 

Дастлаб улар тинч намойиш, иш ташлашлар ва турли тадбирлар ўтказдилар. Апартеид сабаб 27 йил қамоқлар ўтирган, ЖАРнинг бўлғуси президенти Нелсон Мандела ҳам шу даврда ўз сиёсий фаолиятини кучайтира бошлади.

1960 йил Шарпевил аҳоли пункти яқинида фожиа юз берди: полиция намойишга чиққан қуролсиз 69 кишини отиб ўлдирди. Бу апартеидга қарши курашувчилар сабр косасини тўлдириб юборди. Бир йил ўтиб Жанубий Африка Иттифоқи Британия ҳамдўстлигидан чиқиб кетди.

 

1976 йилда Соуэто шаҳрида навбатдаги нохуш ҳодиса юз берди. Йигирма мингга яқин талабалар таълимда Европадан борганлар томонидан ишлаб чиқилган, асосан оқ танли аҳоли гаплашадиган африканс тилининг мажбурий киритилишига қарши намойишга чиқдилар. 

Ҳукумат қарори билан шаҳарда полиция ва армия киритилди ва тўқнашувлар рўй берди. Баъзи адабиётларда қурбонлар сони 700 нафаргача етгани айтилади. Мазкур воқеа ЖАРнинг ирқчи ҳукуматининг шундоқ ҳам тушиб кетган обрўсини яксон қилди. 

Талабалар қўзғалган 16 июнь санаси эса мамлакатда «Ёшлар байрами» сифатида нишонланадиган бўлиб қолди.

Халқаро ҳамжамият реакцияси

Ҳукмрон Миллий партия сиёсати миллатчилик ва ирқчиликка асосланар, улар вақтида Гитлер Германиясининг мухлиси эдилар. 

Гитлер мағлуб бўлгач, апартеид эрасида ҳукумат АҚШ билан яқинлашишга урина бошлади. Миллий партия антикоммунистик характерга эга бўлгани учун Совет Иттифоқи уларга катта душман эди. Советлар БМТ ва бошқа тузилмаларда ЖАРдаги ирқий айирмачиликнинг фаол танқидчисига айланди. 

Ички хунрезликлар рўй бергач, ЖАРнинг Европа ва АҚШ билан муносабатлари ёмонлашиб борди ва давлат деярли изоляцияга тушиб қолди. 

1976 йил БМТ апартеид сиёсатига қарши конвенцияни қабул қилди. Рим статути эса ЖАР раҳбариятини инсониятга қарши 11 жиноятда айбдор деб топди.

Апартеиднинг қулаши

Қонли тўқнашувлар, тутуриқсиз ирқий ажратишлар қачондир охирига етиши аниқ эди: дунё тарихдан хулоса чиқарган ҳолда демократия сари қадам босиб борарди. 

Натижада ЖАРнинг сўнгги оқ танли раҳбари Фредерик де Клерк Африка миллий конгрессини тақиқдан чиқарди ва инсон ҳуқуқлари курашчиси Нелсон Манделани қамоқдан озод қилди. Бу пайтга келиб, апартеид сиёсати узил-кесил чириб бўлганди. 

1994 йил Нелсон Мандела президентликка сайланади, ирқий камситиш сиёсати барҳам топади.

Аммо...

Оқлар эраси тугагач, қора танлиларнинг ичида уларни жазолаш, ҳатто ўлдириш тарафдорлари кўпайиб борди. 1993 йилда Панафрика конгрессида етакчи Кларенс Маквету оқ танли аёл ва унинг икки боласини ўлдирганини очиқ айтади. «Битта ўқ – битта фермер. Биз оқларнинг ҳаммасини ўлдирамиз – боласидан қариясигача. Бу террор йили бўлади!» дея қичқиради у намойишлардан бирида. Шу йили черковдаги ибодат вақтида 12 оқ танли ўлдирилади. 

Натижада, 1994 йил демократик сайловлар ўтказилиб, Африка конгресси ғалаба қозонади. 

Афсуски, апартеиддан сўнг ЖАРдаги ижтимоий вазият шунчаки гуллаб-яшнаб кетгани йўқ. Ҳатто 1995 йилда жиноятчилик мисли кўрилмаган даражада кўпайиб кетади. Оғир вазият сабаб бир миллионга яқин оқ танли Европа ва АҚШга кўчиб кетишга мажбур бўлади. Бу тарихда «оқларнинг қочиши» жараёни номини олади. 

Оғриқли тарихий жараёнлар илдизи ҳалиям қуриб кетгани йўқ: ЖАРда ҳануз ирқий тўқнашувлар бўлиб туради. Энди вазият ўзгарган: кўпинча оқ танлилар қораларнинг нишонига айланиб бормоқда...

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид