Қозоғистонда кучли ўрмон ёнғинлари. 14 киши ҳалок бўлган, умуммиллий мотам эълон қилинган
Қозоғистоннинг шарқидаги Абай областидаги ўрмон хўжалигида содир бўлган табиий ёнғин оқибатида 14 киши ҳалок бўлган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабарига кўра, ёнғин дарахтларни яшин уриши натижасида келиб чиққан.
Қозоғистоннинг Абай областида кенг кўламли ўрмон ёнғинлари рўй бермоқда. ORDA хабар беришича, натижада «Семей ўрмони» ўрмон хўжалиги қўриқхонасининг 14 нафар ишчиси ҳалок бўлган. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Абай вилоятида содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлганлар хотирасига 12 июн, душанба кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.
Ёнғин пайшанба куни чақмоқ уриши билан бошланган. Шанба куни берилган маълумотларга кўра, ўрмоннинг 60 минг гектардан ортиқ ҳудуди аланга ичида қолган. Ёнғинни ўчириш ишларига мингдан ортиқ киши жалб этилган.
Қосим-Жўмарт Тўқаев «Семей ўрмони» табиат резерватида рўй берган кенг миқёсли ёнғинда ҳалок бўлган ўрмон ходимларининг оиласи билан учрашди. Тўқаев уларга ҳамдардлик билдириб, марҳумларнинг хотирасига мотам куни эълон қилди.
«Мен сизларга ҳамдардлик билдириш учун атайлаб келдим. Бу бутун халқимиз учун улкан фожиа. Бундай оғир дамларда бардам ва кучли бўлинглар. Мен аниқ ваъда бераман, бу фожиада айбдорлар қонунчиликка кўра жавобгарликка тортилишади. Эртанги душанба кунини мен умуммиллий мотам куни деб эълон қиламан. Биз сизларнинг қайғунгизга шерикмиз, биргаликда ҳалок бўлганларни хотирлаймиз. Сизлардан сабр қилишни ва бардам бўлишни сўрайман. Барча йўналишларда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки вазирликлар даражасида зарур чоралар кўрилади. Ҳозир биз бу масалада йиғилиш ўтказиб, керакли хулосаларни чиқарамиз», — деган Қосим-Жўмарт Тўқаев.
60 минг гектардаги 9 та участкани қамраб олган ёнғинни ўчириш учун мингдан ортиқ ўт ўчирувчи, 252 дан ортиқ техникалар жалб қилинган.
Тўқаев ушбу ҳодисадан сўнг фавқулодда вазиятлар вазирини ишдан олган.