Жаҳон | 09:33 / 29.06.2023
7445
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда «Хакер» журналининг собиқ бош муҳаррири қўлга олинди

Қозоғистон расмийлари АҚШ талабига биноан таниқли кибермутахассис Никита Кислицинни қўлга олди. У фойдаланувчи маълумотларини ўғирлашда айбланмоқда. Кислицин Москвада ҳам сиртдан ҳибсга олинган. 

Pavel Golovkin/AP Photo/picture alliance

F.A.C.C.T. IT-компанияси (собиқ Group-IB) бўлимларидан бирининг бошлиғи Никита Кислицин 22 июнь куни Қозоғистонда қўлга олинган. Бу ҳақда 28 июнь, чоршанба куни компания матбуот хизмати хабар берди. Кислицин ҳозир ҳибсда, Қозоғистон расмийлари АҚШга экстрадиция сўрови асосларини ўрганмоқда. 2020 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Кислицинни 2012 йилда Formspring ижтимоий тармоғидан шериги томонидан ўғирланган маълумотларни сотиш бўйича тил бириктирганликда айблади. Group-IB айбловларни асоссиз деб атади. Компания ҳозирги ҳибсга олишни Кислициннинг журналистик фаолияти билан боғлади. «Биз Қозоғистон ҳудудида ҳибсга олиш учун қонуний асослар йўқлигига ишончимиз комил», — дея маълум қилди F.A.C.C.T.

Шунингдек, 28 июнь куни Москванинг Тверской суди Кислицинни хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда қонун билан ҳимояланган маълумотларга ноқонуний киришда (Жиноят кодексининг 272-моддаси 3-қисми) айблаб, сиртдан ҳибсга олди, дея хабар беради суд матбуот хизмати. Россия Ички ишлар вазирлиги Кислицинни қидирувга берган.

2006 йилдан 2012 йилгача Кислицин дастурлаш ва ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишланган «Хакер» журналининг бош муҳаррири бўлган. 2012 йил апрель ойида у АҚШга жўнаб кетди ва кибертаҳдид бўйича мустақил тадқиқотчи сифатида ишлай бошлади. 2013 йил январь ойида Кислицин Иля Сачков асос солган Group-IB’да иш бошлади. Сачков 2021 йил сентябрида давлатга хиёнат иши бўйича ҳибсга олинган эди. Тергов уни «давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни хорижий давлатга топширган» деб ҳисобламоқда. Сачков айбини тан олмади ва «ФСБ»ни таъқиб қилишда айблади.

Мавзуга оид