Иқтисодиёт | 15:20 / 03.07.2023
22758
5 дақиқада ўқилади

Май ойида бензин ишлаб чиқариш кескин қисқарди. Бу вақтинчалик экани айтилди

Ўзбекистонда май ойида январга нисбатан 3 бараварга кам, ўтган йилнинг майига нисбатан 2 бараварга кам бензин ишлаб чиқарилди. “Ўзбекнефтгаз” маълумотига кўра, бу – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидаги режали таъмирлаш билан боғлиқ. Айни пайтда, хориждан нефт маҳсулотлари импорти 76 фоизга ошган.

Фото: Stock

Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш йил бошидан буён ойма-ой камайиб боришда давом этяпти. Май ойида ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши янада тезлашиб кетган.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, январ-май ойларида мамлакатда 550,8 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига таққослаганда 16 фоизга кўп, лекин ойлар кесимида олганда, ишлаб чиқариш камаймоқда. Май ойида январга нисбатан 3 бараварга кам, ўтган йилнинг май ойига нисбатан 2 бараварга кам бензин ишлаб чиқарилган.

Агентликнинг аввалги ҳисоботларидан келиб чиқилса, январда 139,6 минг, февралда 124,3 минг, мартда 121,4 минг, апрелда 119,3 минг, май ойида эса 46,2 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда, нефт қазиб олиш суръатида жиддий ўзгариш кўзга ташланмайди. 2023 йил январ-май ойларида 327,6 минг тонна – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпроқ нефт қазиб олинган. Шундан 69,1 минг тоннаси май ойига тўғри келади; бу 2022 йилнинг май ойи кўрсаткичи (70 минг тонна) билан деярли тенг.

Шу билан бирга, дизел ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошган. Йилнинг биринчи беш ойида 504,3 минг тонна дизел ишлаб чиқарилган бўлиб, бу – ўтган йилнинг мос даври кўрсаткичидан 2,2 бараварга кўп. Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажми 2023 йил январ ойида 50,5 минг тоннани ташкил этган бўлса, май ойига келиб бу кўрсаткич 173,9 минг тоннага етган.

Расмий статистика, шунингдек, Ўзбекистон нефт ва нефт маҳсулотлари экспортини оширганини ҳам кўрсатмоқда. 2023 йилнинг дастлабки беш ойида нефт ва нефт маҳсулотларининг хорижга экспорти қиймати 2,1 бараварга ортиб, 91,5 млн долларни ташкил этган.

Нефт экспорти ошаётгани фонида, нефт импорти ҳам кўпайгани эътиборга молик. Ўзбекистон 2023 йил январ-май ойларида нефт ва нефт маҳсулотлари импорти 76,2 фоизга ўсиб, 852,4 млн долларга етган. Шундан 230,7 млн долларлик қисми бензин ишлаб чиқариш кескин камайган май ойига тўғри келади.

“Ўзбекнефтгаз” изоҳи

“Ўзбекнефтгаз” матбуот хизматининг изоҳлашича, май ойида бензин ишлаб чиқаришнинг камайиши Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидаги режали таъмирлаш ишлари билан боғлиқ бўлган.

Маълум қилинишича, 2023 йилнинг май ойида автобензин ишлаб чиқариш “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда 23,2 минг тоннани ташкил этди. Бу кўрсаткич 2022 йил май ойига нисбатан 51,2 минг тоннага кам. Бунга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 2023 йилнинг 10 май – 10 июн даврида режали таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги сабаб бўлди, дейилади компания ахборотида.

Таъкидланишича, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида мукаммал таъмирлаш ишлари сўнгги бор 2018 йилда амалга оширилган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш ва экспертиза хулосасини бериш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ, хавфли ишлаб чиқариш объектларида хизмат муддати 20 йилдан ошган технологик қурилмаларнинг саноат хавфсизлигини экспертизадан ўтказиш белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, лицензиялар томонидан амалдаги технологик қурилмаларда бир йилда 1 маротаба жорий таъмирлаш ва 5 йилда бир маротаба мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказиш тавсия этилган.

“Қонунчиликда белгиланган талаблар ижросини таъминлаш мақсадида заводнинг босим остида ишловчи сиғимлари саноат хавфсизлиги экспертизасидан тўлиқ ўтказилди ҳамда технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими модернизация қилинди.

Заводнинг таъмирлаш даврида истеъмолчиларни автобензин билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республиканинг барча ҳудудларида зарур миқдорларда захира яратилди ва узилишларсиз етказиб берилиши таъминланди.

Шуни таъкидлаш лозимки, республика истеъмолчиларига нефт маҳсулотларини етказиб беришда узилишларнинг олдини олиш ҳамда ички бозорда ажиотаж талабнинг вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида, завод белгиланган муддатдан 10 кун олдин ишга туширилди ва автобензин маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватлари 140 фоизга қадар оширилди.

2023 йилнинг январ-май ойларида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхоналарда жами 659,6 минг тонна суюқ углеводород хомашёлари қайта ишланган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 103 фоизни ташкил этган.

Ушбу даврда 410,5 минг тонна автобензин маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб (шундан январ 105,9 минг тонна, феврал 92,6 минг тонна, март 94,7 минг тонна, апрел 94,1 минг тонна, май 23,2 минг тонна), белгиланган режа 103 фоизга бажарилган ёки 10,6 минг тоннага кўп.

Таҳлилий ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Бунинг натижасида бугунги кунда, автобензин ишлаб чиқаришнинг кунлик хажми 2 500 тоннадан 3 000 тоннага оширилди”, – дейилади “Ўзбекнефтгаз” пресс-релизида.

Қайд этилишича, БНҚЗда мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилганига қарамай, жорий йил якунига қадар “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жами 995,8 минг тонна автобензин (2022 йил кўрсаткичига нисбатан 100 фоиз) ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид