Замонавий Бекҳэм. «Ливерпул»га ўтган Собослаининг тактик ва техник устунликлари ҳақида
«Ливерпул» ортиқча музокараларсиз Доминик Собослаининг 70 млн евролик товон пулини тўлади ва уни ўз сафига қўшиб олди. Қуйида ушбу 22 ёшли венгриялик яримҳимоячининг ўйин услуби таҳлил қилинади.
Доминик тез ўсди. У 19 ёшида Австрия Бундеслигасининг асосий кашфиётига айланиб, ўзини танитди ва шундан бери пасаймади.
Футболчининг фаолиятидаги асосий воқеалар: у 17 ёшида «Залцбург» таркибида Австрия Бундеслигасида дебют қилди. 19 ёшидаёқ мамлакат миллий жамоасида илк ўйинини ўтказди. Ҳозирча Собослаининг миллий жамоадаги асосий ютуғи сифатида Евро-2020 йўлланмаси учун плей-оффдаги ғалаба голини айтиш мумкин. Айтганча, у — аллақачон миллий жамоа сардори, ватанида Доминикни Пушкаш давридан бери энг катта иқтидор деб билишади. У 2019-20 йилги мавсум якунида Австрия Бундеслигасининг энг яхши футболчисига айланди. Гол+ассист тизимида 19 балл (9+10) тўплади.
2021 йил январида у 22 млн евро эвазига «Лейпциг»га ўтди ва дебют мавсумидаёқ Бундеслигада уч бор ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Марко Розе келиши билан у ривожланишда давом этди (Бундеслигадаги энг яхши мавсумини ўтказди). Мураббий Собослаини «Залцбург»даги фаолиятидан буён биларди. Футболчи мураббийнинг таъсири ҳақида шундай дейди: «Марко етарлича профессионал эмаслигимни кўрсатди. У бўлмаганида, мен бунчалик тез ривожланмасдим».
«Ливерпул»га ўтиш — венгрияликнинг фаолиятидаги янги босқич. 70 млн евро — «Лейпциг» учун рекорд. Трансфер ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлишидан олдин Собослаи интервю берган, унда у Клоппнинг илҳомлантириш маҳоратига қойил қолишини тан олганди.
Ўтган мавсум якунида Доминик олдинга қадам ташлаш зарурлиги ҳақида гапирганди: «Шу пайтгача мен ўз фаолиятимни онгли равишда қуриб келганман ва ҳар доим ўз вақтида янги босқичга чиққанман. Бир кун фаолиятимга назар ташлаб, ундан унумли фойдалана олмаганимни англашни истамайман».
Собослаи ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири Бекҳэмни эслатади. Гап фақат уларнинг иккиси ҳам ўнг қанот яримҳимоячиси эканида эмас, улар ўхшаш кўникмаларга эга.
Собослаи —Red Bull тизимида прессинг қилишни ўрганган мастер
Доминик — икки қанотда ҳам, марказда ҳам ўйнай оладиган, «ўнлик» ёки «саккизлик» вазифасини бажара оладиган футболчи. Универсаллик унга бутун фаолияти давомида асосий ўйинчи бўлишга ва турли тизимларда ўйнай олишига ёрдам берди. Розе ўтган мавсумда ундан ўнгда фойдаланган.
Турли позицияларда ўйнаш қобилияти Доминикка янги клубида ҳам ёрдам бериши керак. Ўнг қанотда Салоҳ бор, шунинг учун Клопп футболчига «саккизлик» ролини бериши мумкин. Бу позицияда Собослаи Тедеско қўл остида 2021/22 йиллар мавсумида бир муддат ўйнаган.
Доминикнинг ҳужум темпини ушлаб туриш қобилияти ҳайратланарли даражада. У дарвозага орқа қилган ҳолда тўпга 1-2 тегиниш билан хавфли вазият юзага келтиради.
Доминик тез-тез олдиндаги бўш ҳудудларни топади ва марказда тўпни қабул қилганда, ҳужумни давом эттириш учун аллақачон тайёр ечимга эга бўлади. У ҳужумга ўтишга тайёр шеригини ҳис қилади.
Жарима зарбаларининг моҳирона бажарилиши венгриялик футболчидаги яна бир элементдир. Собослаи майдоннинг ҳар икки томонидан стандартлар вазиятларни ижро этади. У тўпни жарима майдончасининг исталган жойига етказиб бера олади. Бундан ташқари, унинг кросслари ўткир ва тўп қулай баландликда боради. Стандарт вазиятларда Доминик асосий манзилни белгилаб олади — «Лейпциг»да бу Орбан эди.
Собослаининг узатмалари ҳам жойида. Тўпни тўғри етказиб бериш техникаси ва вазиятни баҳолаш унга муваффақиятли ҳаракатларга ёрдам беради — яримҳимоячи ҳар доим кроссдан олдин бошини кўтариб, атрофни кўздан кечириб олади. Футболчи ўз маҳоратини бутун мавсум давомида бир хилда намойиш этади. Сўнгги мавсумда Доминик 50 дан ортиқ кроссни амалга оширди ва Бундеслигада энг яхши аниқлик кўрсаткичига эга бўлди (40,2 фоиз).
Собослаи нафақат шериклари учун имконият яратади, балки зарбалари билан ҳам хавф туғдиради. Зарба беришда ҳам махсус техника кўрсатади — тепишдан олдин қисқа «замах» қилади, натижада тўп олдиндан айтиб бўлмайдиган траектория билан учади. Футболчига тайёргарлик кўриш учун кўп вақт керак эмас. Доминик олис юқори бурчакни нишонга олади, зарбалари кучли ва аниқ. У қийин тўпларга тезда мослашади, хавфли зарбаларни амалга оширади ва оёқнинг ташқи томони билан ҳам зарба беради. Унинг севимли нуқтаси жарима майдончаси чегарасида. Ичкарига кириб, ўткир бурчакдан ҳам гол уришга қодир.
Асосий муаммо — Собослаининг узоқ масофадан зарба беришда ўзига ортиқча ишонишида. «Лейпциг»даги фаолияти давомида у жарималардан 41 уринишдан атиги 1 та гол урди.
Ҳужумга тезкор ўтишлар «Лейпциг» ўйинида ажралмас қисм эди. 2022/23 йилги мавсумда Розе жамоасининг 6 та қарши ҳужуми гол билан якунланди, бу — Бундеслигада 2-ўрин. Қарши ҳужумлар Собослаи орқали ташкил этилганда, у чалғитиш ва шерикларига йўлак яратиш вазифасини бажарди.
Доминик тезкор ҳужумлар вақтида бўш ҳудудларга очилишда ҳам фойдали. «Лейпциг»да у ушбу ролда Нкунку билан позицияни ўзгартирарди ва марказий ҳимоячилар ўртасида йўлак очарди.
Келтирилган барча хусусиятлар Собослаини кўп қиррали ижодкорга айлантиради. У майдоннинг учинчи қисмида ниҳоятда хавфли, чунки у тўпни қанотда ҳам, ярим қанотда ҳам қабул қилиб, хавф туғдира олади. У ўтган мавсумда 150 марта зарбадан олдинги ҳаракатни бажарди ва бу борада топ-5 чемпионатда 13-ўйинчи бўлди. Шунингдек, у Бундеслига сўнгги мавсумида зарбалар билан якунланган ҳужумларда иштирок этиш бўйича 4-ўринни эгаллади.
«Лейпциг» тўпсиз 4-2-3-1 схемасини қўллайди ва 4 ўйинчи босим уюштиради. Тўп қанотга оширилганда, Собослаи рақибнинг чап марказий ҳимоячиси ва қанот ҳимоячиси ўртасида жойлашади. Тўғри жойлашуви туфайли у ҳар қандайга узатмага жавоб беришга муваффақ бўлади.
Доминик ўсмирлик давридаёқ RB тизимида тўпсиз тўғри ҳаракат қилишни ўрганган. Вақт ўтиши билан тактик машғулотларга чидамлилик қўшилди, бу унга бутун ўйин давомида юқори интенсив ҳаракатларни амалга ошириш имконини беради.
Бундеслига-22/23 мавсумида у 39 марта юқори позицияда тўпни қайтарди, бу — «Лейпциг»да энг яхши, лигада эса 6-натижа.
22 ёшли футболчининг ижодкорлиги ва тўпни ҳаракатлантириш қобилияти мақтовга сазовор, бироқ унинг яна бир ўта муҳим фазилати бор – кам жароҳат олиши. Венгриялик яримҳимоячи фаолияти давомида атиги 3 марта жароҳат олган. Фақат бир марта 1 ойдан кўп муддатга сафга чиққан — 2020/21 йилги мавсумда 6 ойни ўтказиб юборган.
Эътиборлиси, «Ливерпул» «Брайтон»дан сотиб олган Алексис Мак Аллистер ҳам фаолияти давомида деярли жароҳат олмаган. Бу шуни англатадики, «қизиллар» тез-тез жароҳат оладиган футболчилардан чарчаган ва шунинг учун улар нафақат жамоага мос келадиган, балки жароҳатларга ҳам камроқ мойил бўлганларни таркибга қўшиб олишмоқда.
Мавзуга оид
14:17 / 06.09.2024
Трансфер ойнаси сарҳисоби: Топ-15 клубларнинг ёзги кампанияси рейтинги
18:33 / 30.08.2024
Европада дедлайн. Сўнгги соатларда кутилаётган трансферлар
18:13 / 28.07.2024
«МЮ» катта пул сарфламоқда, «Милан» испаниялик юлдузни қўлга киритди. Европадаги сўнгги трансферлар
21:05 / 26.07.2024