Иқтисодиёт | 09:06 / 08.07.2023
39060
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет учинчи ой камайди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари охирги 3 ойда 1,7 млрд долларга камайди. Хусусан, валютадаги захиралар маълумотлар очиқлана бошлагандан кейинги даврдаги минимум даражага тушди.

Фото: Shutterstock

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади.

Унга кўра, 1 июл ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 33,72 млрд долларни ташкил қилди. Бу – жорий йил бошидан буён қайд этилган минимум кўрсаткич.

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 650 млн долларга, сўнгги 3 ойда эса 1,68 млрд долларга камайди.

Валютадаги захиралар

Расмий захираларнинг қисқариши асосан валютадаги активлар камайиши билан боғлиқ. Хорижий валютадаги активлар миқдори ўтган ойга нисбатан 514 млн долларга камайиб, 9 млрд 576 млн долларни ташкил қилди.

Spot нашрининг эътибор қаратишича, Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори статистик маълумотлар эълон қилина бошлаган 2018 йилдан кейинги даврда ҳеч қачон ҳозиргичалик паст бўлмаган.

Ўтган ойда Ўзбекистон Марказий банкининг бошқа давлатлар марказий банклари ва Халқаро валюта жамғармасидаги нақд валюта ва депозитлари ҳажми бир ой ичида 2,5 баробардан кўпроққа камайиб, 1,4 млрд доллардан 565,5 млн долларга тушган. Шу билан бирга, хориждаги банкларда сақланаётган захира валюталар миқдори июн ойи давомида 8,7 млрд доллардан 9,0 млрд долларга етган.

Олтин захиралари

Июн ойи давомида олтин захираларининг қиймати бироз камайди. Захираларнинг олтин қисми 23,08 млрд долларни ташкил қилди – бу ўтган ойга нисбатан 137 млн долларга кам.

Аммо олтиннинг соф физик ҳажми 11,9 млн троя унсия (370 тонна)дан 12,1 млн троя унсия (376,2 тонна)га кўпайган.

World Gold Counsil маълумотларига кўра, май ойида Ўзбекистон дунёнинг иккинчи йирик олтин сотивчиси бўлган. Маълумотларга кўра, майда Ўзбекистон Марказий банки 11 тонна олтин сотган. Туркия 63 тонна олтин сотиб биринчи, Ўзбекистон эса иккинчи йирик олтин сотувчига айланган.

Маълумот учун, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш, инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олиш давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш ва давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ишлатилади.

Эслатиб ўтамиз, ортда қолаётган ҳафтада Ўзбекистон банкларида доллар курси 11 610 сўмгача кўтарилиб, тарихий максимумга яқинлашди.

Мавзуга оид