Жаҳон | 09:26 / 13.07.2023
9926
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг 58-армия қўмондони истеъфога чиқарилганини маълум қилди

Запорижжя фронтидаги Россия бўлинмаларига қўмондонлик қилган генерал-майор Иван Попов ўзининг бошлиқларига берган ҳисоботида «бор ҳақиқатни» ёзганини айтди. Бунинг учун у ўз лавозимидан четлатилди.

Фото: Wikipedia

Генерал-майор Иван Попов Украина жанубидаги Запорижжя вилоятида жанг қилаётган Россиянинг 58-умумқўшин армияси қўмондони лавозимидан четлаштирилганини маълум қилди. Поповнинг ўз қўл остидагиларига мурожаати тегишли аудиофайлини 12 июль, чоршанба куни ўзининг Telegram-каналида Давлат думаси депутати, аввалроқ 58-армияга раҳбарлик қилган Андрей Гурулев эълон қилди. Мурожаатномасида Попов юқори лавозимли органларга берган ҳисоботида Россия армиясидаги «жанговар иш ва қўллаб-қувватлашдаги» муаммоларни «қатъий» аниқлаб, «бор ҳақиқатни» ёзгани учун ишдан бўшатилганини айтган.

Қўмондон Поповнинг таъкидлашича, у ўз бошлиқларининг эътиборини «аксилбатарея курашиш қобилияти, артиллерия разведка станциялари йўқлиги», шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг душман артиллериясидан «оммавий ўлими ва жароҳати»га қаратган ва буни «асосий фожиа» деб атаган.

Генералнинг сўзларига кўра, уни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ «бир кун ичида чиқарилган» ва «мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан имзоланган», чунки Поповнинг сўзларига кўра, «катта қўмондонлар ундан хавфни сезган».

«Вагнер» ХҲК билан боғлиқ бўлган Grey Zone Telegram-каналига кўра, Иван Попов РФ Қуролли кучлари Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовга ҳисобот берганидан кейин лавозимидан четлаштирилган, унда Попов бошқа нарсалар қаторида биринчи фронт чизиғидаги қўшинларни ротация қилишни таклиф қилган.

«ВЧК-ОГПУ» Telegram-канали ҳам Поповнинг истеъфога чиқиши ҳақида бир кун аввал ёзган, буни армия қўмондони ва Герасимов ўртасидаги можаро билан боғлаган. «Попов ўз маърузасида узоқ вақт давомида тўқнашув чизиғида бўлган ва катта йўқотишларга учраган бўлинмаларни ротация қилиш зарурати масаласини кўтарди. Герасимов Поповни ваҳима қўзғашда ва юқори раҳбариятни шантаж қилишда айблади. Поповнинг шахсан Путинга муаммо ҳақида хабар беришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотидан сўнг, Герасимов уни лавозимидан четлатиб, олдинги сафларга жўнатиб юборди», — дейди канал ахборот манбаларини ошкор қилмасдан. 

Мавзуга оид