Жаҳон | 12:59 / 21.07.2023
9023
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Олег Тинковга қарши санкцияларни бекор қилди

Украинага уруши бошланганидан бери Буюк Британия биринчи марта йирик россиялик тадбиркорга нисбатан қўллаган жазо чораларини бекор қилмоқда.

Фото: Bloomberg

Буюк Британия россиялик тадбиркор Олег Тинковга нисбатан санкцияларни бекор қилди, деб хабар берди Британия ҳукумати сайти 20 июль, пайшанба куни. Тинковнинг исми янгиланган санкциялар рўйхатида кўринмади. Ҳужжатда санкцияларни бекор қилиш сабаби кўрсатилмаган. Бизнесмен томонидан яратилган, урушдан кейин миллиардер Владимир Потанин тузилмаларига сотилган «Тинькофф банк» ҳали ҳам чекловлар остида.

Олег Тинковга қарши санкциялар 2022 йил мартида, Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кўп ўтмай жорий қилинган. Айни пайтда тадбиркор бу урушга қарши бир неча бор баёнот билан чиққан. Май ойида у Россия билан хайрлашгани ҳақида пост эълон қилди, у ерда, ўз сўзлари билан айтганда, «ҳеч нарсаси қолмаган». 2022 йил октябр ойида Тинков Россия фуқаролигидан воз кечганини айтди. 

Тинков Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига санкцияларни бекор қилиш талаби билан мурожаат этган. Bloomberg ёзишича, тадбиркор ўзидан санкциялар олиб ташланиши «ғарб санкциялари барча россияликларга эмас, фақат урушни қўллаб-қувватловчиларга қарши қаратилганлигидан далолат беради», деб айтган. 

Британиялик миллиардер ва Virgin Group асосчиси Ричард Бренсон ҳамда россиялик сиёсатчи Михаил Ходорковский ҳам Олег Тинковга қарши санкцияларни бекор қилиш илтимоси билан Лондондаги ҳукуматга мурожаат этди. Уруш бошланганидан бери Буюк Британия биринчи марта йирик россиялик тадбиркорга нисбатан қўллаган жазо чораларини бекор қилди. 

Мавзуга оид