Жаҳон | 14:27 / 01.08.2023
9056
7 дақиқада ўқилади

Судандаги фуқаролик уруши: Дарфур ва бошқа ҳудудларда аёллар зўрланиши авж олди

Фото: Reuters

2023 йилнинг апрел ойида мунтазам армия ва ҳарбийлашган «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари» (RSF — Rapid Support Forces) ўртасида қуролли можаро бошланганидан бери Судан бўйлаб ўнлаб аёллар жинсий зўравонликка учраган. Мамлакат ғарбидаги Дарфур минтақасида фуқаролар уруши фонида қора танли маҳаллий аҳолига қарши террор, жумладан, аёлларни зўрлаш унинг асосий элементларидан бири сифатида қайта тикланди.

BBC Араб хизмати мухбири кўплаб суданлик аёллар билан суҳбатлашди. Аёллар журналистга RSF жангчилари томонидан зўрланганини айтган.

Огоҳлантириш: Ушбу мақолада баъзи муштарийларда кучли психологик реакция уйғотиши мумкин бўлган маълумотлар мавжуд.

Колтом нафақат уни гуруҳ бўлиб зўрлашларига чидайди, балки RSF нинг тўрт нафар жангчисининг ирқий ҳақоратларига ҳам дучор бўлади.

«Улар шунчаки варварлар эди. Улар дарахт тагида мени навбатма-навбат зўрлашди. Мен шунчаки, олов ёқиш ва исиниш учун ўтин теришга чиққандим», дея телефон орқали титроқ овозда воқеани айтиб берган аёл.

BBC ушбу аёлнинг исмини, шунингдек, қуйидаги мақолада тилга олинган, зўрлашга учраган бошқа аёлларнинг ҳам исмларини ўзгартирган.

40 ёшлардаги Колтом урушдан жиддий зарар кўрган Ғарбий Дарфурда яшовчи Африканинг қора танли масалитлар жамоаси аъзоси бўлган ва уни зўрлаганлар «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари»нинг араб жангчилари эди.

Ушбу ҳарбийлашган гуруҳ тобора ирқий ва этник тус олиб бораётган Дарфурдаги можаро давомида кўплаб жиноятлар содир этишда айбланмоқда.

Колтом собиқ Масалит қироллиги пойтахти, Дарфурдаги қора танли африкаликларнинг тарихий маркази бўлган Ал-Генейнеда яшаган. У касал эри ва болалари билан у ердан қочишга мажбур бўлади.

Колтомнинг айтишича, уни зўрлаганлар аёлга шаҳарни тарк этишни буюрган, чунки бу шаҳар «арабларга тегишли». Минтақадаги кўплаб қора танлилар RSF «Жанжавид» деб номланувчи маҳаллий қуролли тузилма билан биргаликда, этник жиҳатдан хилма-хил бўлган маҳаллий аҳоли устидан араб бошқарувини ўрнатишга интилмоқда, дея гумон қиляпти.

Судандаги фуқаролар уруши 2023 йил апрел ойи ўрталарида, армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурҳон ва RSF қўмондони, Ҳемети номи билан танилган Муҳаммад Ҳамдон Дагалонин зиддиятидан кейин бошланди.

Уларнинг адовати Дарфурда дастлаб 2003 йилда бошланган ва 300 мингга яқин одам ўлимига сабаб бўлган можарони қайтадан алангалатди.

Дарфурдаги зўравонликдан қочган суданлик аёллар Чаддаги қочқинлар учун лагерларда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Фото: Reuters

Охирги можаро натижасида 160 мингдан ортиқ одам, асосан, масалитлар жамоаси Судандан Чадга қочишга мажбур бўлганди. Қанча одам ҳалок бўлгани номаълум, биргина Ал-Генейнедаги қурбонлар сонининг энг консерватив ҳисоб-китоби 5 минг кишини ташкил қилган.

RSF жангарилари, шунингдек, Суданнинг худди шу номдаги пойтахти жойлашган, энг кўп аҳоли яшайдиган штати — Хартумдаги ваҳшийликларда ҳам айбланмоқда.

RSF штатнинг катта қисмини назорат қилмоқда, армия эса уларни бу ердан сиқиб чиқаришга ҳаракат қиляпти, аммо ҳозирча муваффақиятга эриша олгани йўқ. Икки томон ўртасидаги жанглар апрел ойи ўрталаридан бери 2 миллионга яқин одам қочқинга айланишига сабаб бўлди.

Хартумда зўравонлик ирқий ёки этник хусусиятга эга бўлмади. Араблар ҳам, бошқа этник гуруҳлар ҳам тўхтовсиз давом этаётган жанглар қурбонига айланмоқда.

24 ёшли Ибтиссамнинг BBC нашрига айтишича, у холасини кўргани кетаётганда RSF’нинг уч жангчиси уни тўхтатиб қолган.

«Улар менга қурол ўқталиб, қаерга кетаётганимни сўради. Мен холамникига кетаётганимни айтганимда, улар мени армия разведкасига ишлашда айблади», деган у.

Аскарлар Ибтиссамни ўз машинасига ўтқазиб, энг яқин уйга олиб боришади.

«Уйда мен ички кийимигача ечинган яна бир эркакни кўрдим. Мен қочишга ҳаракат қилдим. Лекин аскарлардан бири мени шунчалик қаттиқ урдики, мен полга йиқилдим», дейди ва йиғлай бошлайди Ибтиссам.

«Учаласи навбатма-навбат мени бир неча бор зўрлади. Кейин улар мени яна машинага судраб олиб бориб, қуёш ботганда йўл четига ташлаб кетди», дейди аёл.

Ибтиссам ўзини «даҳшатли даражада хўрланган ва ғазабланган» ҳис қилганини айтган.

Суданда ҳарбий ҳаракатлар 2023 йил апрелида қайтадан бошланди

БМТнинг Судандаги инсон ҳуқуқлари бўлими 2023 йил июл ойи бошида камида 57 нафар аёл ва қизга нисбатан 21 та жинсий зўравонлик ҳолати ҳақида хабар олганини маълум қилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Тюркнинг таъкидлашича, унинг офисига хабар қилинган деярли барча ҳолатларда айнан RSF жангарилари зўрловчилар сифатида қайд этилган.

БМТ ҳам, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам жиноятларнинг ҳақиқий кўлами анча каттароқ деб ҳисоблайди.

Суданлик инсон ҳуқуқлари фаоли Аҳлам Носир, одамларни қўрқитиш учун, уруш олиб боришнинг усули сифатида зўрлашдан тизимли фойдаланилаётганига шубҳа қилмаслигини айтган.

«(Зўрлаш) ўтмишда Дарфурда қўлланган ва Хартумдаги ҳозирги урушда RSF томонидан қўлланмоқда», дейди у.

Аҳлам Носир ҳам мамлакатдан қочиб кетган. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, у ҳам Хартумдаги баъзи аёллардан даҳшатли ҳикояларни эшитган.

«Баъзи ҳолатларда оналар фарзандлари кўз ўнгида зўрланган», дейди Носир.

RSF ўз жангчиларининг ушбу ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда.

BBC мухбирига юборилган овозли хабарда RSF вакили Муҳаммад ал-Мухтор жангчилар «уруш олиб боришнинг энг юқори ахлоқий меъёрларига содиқ» эканини айтган.

«Биз қўлга киритган ҳарбий ғалабалардан кейин жангчиларимизнинг обрўсига путур етказиш учун мақсадли кампаниялар олиб борилмоқда», дея қўшимча қилган ал-Мухтор.

BBC мухбири унга зўрловчилар дея RSF жангариларини кўрсатган аёллар билан суҳбатлашганини айтганда, ал-Мухтор бу ваҳшийликлар учун жавобгарлик RSF аъзолари сифатида ниқобланган одамлар зиммасида эканини айтган.

Давом этаётган тўқнашувлар туфайли зўравонлик қурбонлари Суданнинг тиббий ва ижтимоий хизматларидан деярли ёрдам олмайди. Аксарият шифохоналар ишлаётгани йўқ ва ҳали ҳам ишлаётган оз сонли касалхоналарга етиб бориш эса жуда қийин бўлиши мумкин.

Колтом ва Ибтиссам уларга етказилган азоб умр бўйи улар билан қолишини айтишган.

«Мен билан бўлган воқеани ҳеч қачон унутмайман. Бу шармандалик мени доим соядек таъқиб қилади», дейди Колтом.

Мавзуга оид