Ўзбекистон | 21:57 / 16.08.2023
8777
6 дақиқада ўқилади

Судга кириш, фото, аудио ёки видеотасвирга олиш бўйича муҳим қоидалар эслатилди

Судга кимлар киради? Жараённи фото, аудио ёки видео тасвирга олиш мумкинми? Суд қачон ёпиқ тарзда ўтказилади? 

Фото: Муроджон Нажмиддинов

Hudud24 шу саволларга оид муҳим қоидаларни эслатди. 

Судга кимлар киради? 

Суд мажлиси ишнинг тоифасига қараб, очиқ ёки ёпиқ тарзда кўрилади. 

Очиқ суд мажлисида барча, жумладан, журналистлар ҳам иштирок этиши мумкин. ОАВ ходимларининг қонунда зид асослар билан судга киришини чеклаш тақиқланган.

Процесс иштирокчиси бўлмаган вояга етмаганларнинг судга киришига чеклов қўйилиши мумкин. 

Суд мажлисини процесс иштирокчиси бўлмаган кишилар қатнашишини чеклайдиган биноларда ўтказишга йўл қўйилмайди. 

Суд жараёнини фото, аудио ёки видеотасвирга олиш мумкинми? 

Қуйидаги шарт билан суд жараёнини фото, аудио, видеотасвирга олиш ёки ОАВ орқали трансляция қилиш мумкин:

- фуқаролик ишини кўришда — судьянинг тарафлар розилиги олингандан кейин берган рухсати билан;

- жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришда — судьянинг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан. 

Ҳар қандай иш бўйича эркин тарзда қайдлар ёзиб олиш, стенограмма юритиш, иқтисодий ёки маъмурий ҳуқуқий иш кўрилаётганда эса аудиоёзувдан фойдаланиш учун ҳеч қандай рухсат талаб этилмайди. 

Қайд қилиш лозим, суд жараёнини фото, аудио ёки видеотасвирга олиш ҳақида судьяга олдиндан билдириш лозим. Чунки судларга киришда телефон, ноутбук, диктофон ёки бошқа қурилмаларни олиб киришга нисбатан чеклов бўлиши мумкин. Қонунчиликда суд биносига мобил қурилмалар билан киришга рухсат бериш ёки чеклаш бўйича ягона тартиб йўқ. 

Судья интервью берадими? 

Судья суд ҳужжати кучга киргунга қадар иш бўйича интервью бериш ёки ОАВ орқали чиқиш қилиши мумкин эмас. 

Шунингдек, ОАВ бирор иш бўйича суд натижасини башорат қилиши ёки судга бошқача тарзда таъсир этиши (босим ўтказишга) тақиқланган. 

Суд қачон ёпиқ тарзда кўрилади? 

Суд тўлиқ ёки қисман фақат қонунда назарда тутилган асосларга кўра ёпиқ тарзда кўриб чиқилиши мумкин. Хусусан, қуйидагилар бўйича:

- давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни (масалан, бола асраб олиш сири) сақлаш;

– жинсий жиноятлар билан боғлиқ ишлар. 

Жиноят судида айрим турдаги ишлар фақат ёпиқ тарзда кўрилади. Масалан, мурдани эксгумация қилиш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ва вояга етмаганлар содир этган жиноятлар бўйича ишлар. 

Иқтисодий ва маъмурий-ҳуқуқий ишлар асосан очиқ суд мажлисида кўрилади. 

Суддан ишни ёпиқ тарзда кўришни сўраш мумкинми? 

Иш хусусиятига кўра, айрим турдаги ишларни ёпиқ тарзда кўриб чиқиш мумкин. 

Шу жумладан, жиноят судларида 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жинояти, шахсий ҳаёт, шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотларни ошкор қилмаслик ёки процесс иштирокчилари ва уларнинг яқин қариндошлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлар ёпиқ кўриб чиқилиши мумкин. 

Шахсий хабар ва ёзишмалар очиқ суд мажлисида фақат бу хат ва хабарларни жўнатган ҳамда олган шахсларнинг розилиги билан ўқиб эшиттирилиши мумкин. Агар улар розилик бермаса, иш ёпиқ тарзда кўрилади. 

Фуқаролик ишлари тарафларнинг илтимосномаси ёки суднинг ташаббуси билан асослантирилган ажрим чиқарилган тақдирда, шахсий ҳаёт ва қонун билан қўриқланадиган сирлар бўлса (масалан, тиббий сир, солиқ сири, суғурта сири, банк сири, васиятнома сири ва бошқалар) ёпиқ тарзда кўриб чиқилади. 

Судни ёпиқ тарзда кўриш тартиби қандай? 

Суд мажлиси бошланишидан олдин ҳар бир ҳолатда судья иш қандай тартибда кўриб чиқилишини эълон қилиши шарт. 

Судья ишни ёпиқ тартибда кўриб чиқишга қарор қилган тақдирда ажрим чиқаради ва унда ишни очиқ тартибда кўриб чиқишга (жумладан, ОАВ иштирокига) тўсқинлик қилувчи ҳолатларни аниқ кўрсатади. Бу маълумотлар ҳамма учун очиқ бўлиши керак. 

Суднинг ишни ёпиқ тартибда кўриш бўйича ажрими чиққунига қадар суд залидан ҳеч ким чиқариб юборилиши мумкин эмас. 

Агар суд мажлиси давомида ишни ёпиқ тартибда кўриб чиқишга қарор қилинса, ажрим эълон қилингандан кейин процесс иштирокчиси бўлмаган кишилар, жумладан, ОАВ ходимлари суд залидан чиқарилади. 

Ёпиқ суд ишлари видео-конференц-алоқа режимида ўтказилмайди, аудио ва видеоёзувга олинмайди. 

Ёпиқ тарзда кўрилган суд ҳужжатлари эълон қилинадими? 

Суд ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари барча ҳолларда ошкора эълон қилинади. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин. Бироқ, суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари махсус порталга жойлаштирилмайди.

Мавзуга оид