Жаҳон | 09:34 / 14.09.2023
6177
2 дақиқада ўқилади

Маск АҚШ санкциялари туфайли Қримда Starlink’ни ёқишдан бош тортган

SpaceX раҳбарининг сўзларига кўра, Украина шошилинч равишда Қримда Starlink’дан фойдаланиш имконини беришни сўраган. Аввалроқ Маск Украина қуролли кучларининг Россия флотига ҳужум қилишига йўл қўймаслик учун Қримда Starlink’ни атайлаб ўчириб қўйгани ҳақидаги маълумотни рад этган эди. 

Фото: Gonzalo Fuentes/REUTERS

Американинг SpaceX космик компанияси раҳбари Илон Маск АҚШнинг Россияга қарши санкциялари туфайли Қримда Starlink сунъий йўлдош алоқа тизимини ёқмаганини айтди. 13 сентябр, чоршанба куни YouTube’да Маскнинг тушунтиришлари берилган All-In Summit технологик конференцияси видеоси жойлаштирилди. 

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Украина Қримда фойдаланиш имконини олдиндан сўрамаган: сўров том маънода «ярим тунда» олинган. Маскнинг таъкидлашича, SpaceX Қримда фаолият юритиш ҳуқуқига эга эмас, чунки яриморол АҚШ санкциялари остида. «Агар АҚШ президентидан тизимни ёқиш бўйича тўғридан тўғри буйруқ бўлганида, мен буни қилган бўлардим, аммо бундай буйруқ олинмади», деб тушунтирди у. 

Аввалроқ Маск Американинг CNN телекомпаниясининг SpaceX ўтган йили Украинанинг Севастополдаги Россия флотига ҳужум қилишига йўл қўймаслик учун Қримда Starlink’ни атайлаб ўчириб қўйгани ҳақидаги хабарини рад этган эди. CNN бу ҳақдаги маълумотни Маскнинг сўнгги таржимаи ҳолидан олган. Бу инкор этилганидан сўнг, нашр келгуси тиражларда нотўғри маълумотни олиб ташлашини эълон қилди. 

Илон Маскнинг таржимаи ҳолида унинг жиддий ҳужумга жавобан Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирлангани ҳақида ҳам сўз боради. Маск россиялик юқори мартабали амалдорлар, жумладан, Россия раҳбарияти билан мулоқотдан кейин шундай тасаввурга эга бўлган, дейилади китобда. 

Мавзуга оид