Жаҳон | 08:59 / 29.09.2023
4982
3 дақиқада ўқилади

НАТО раҳбари Киевга эълон қилинмаган ташриф билан борди

Украина президенти Йенс Столтенберг билан музокаралар чоғида НАТОни яқинлашиб келаётган қиш шароитида энергетика инфратузилмасини ҳимоя қила олиш учун мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтиришга ёрдам беришга чақирди.

Фото: PRESIDENT.GOV.UA

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 28 сентябр, пайшанба куни эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди ва у ерда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Музокаралар чоғида Украина раҳбари НАТОни яқинлашиб келаётган қиш шароитида Украинанинг энергетика инфратузилмасини ҳимоя қила олиши учун мамлакат ҳаво мудофаасини кучайтиришга ёрдам беришга чақирди

НАТО бош котиби ҳамкор давлатлардан бундай таъминотни кўпайтириш учун ҳаракат қилишга ваъда берди. «Биз энергетика инфратузилмамиз ва фуқароларимиз ҳаётини ҳимоя қилиш учун қишдан бирга ўтишимиз керак», — деди Зеленский Столтенберг билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида. 

НАТОга аъзо бўлиш - фақат вақт масаласи

Ўз навбатида, Шимолий Атлантика алянси раҳбари Украина «НАТОга ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ» эканини айтди. Унинг эслатишича, Вилнюсдаги саммитдан сўнг алянс барча аъзолари Украина НАТОга аъзо бўлишига розилик берган. Бундан ташқари, бу йўл НАТОга аъзолик бўйича ҳаракат режасини бекор қилиш орқали бир босқичга қисқартирилди, у янги мамлакатнинг иттифоққа қўшилиши йўлидаги мажбурий қадамдир. «Иккинчидан, биз НАТО доктринаси ва жиҳозларини тўлиқ қабул қилган ҳолда, Украина қуролли кучларининг иттифоқчилар билан тўлиқ ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш дастурини келишиб олдик. Бу ҳар йили юзлаб миллион еврога тенг бўлган катта ёрдам пакетининг бир қисмидир. Учинчидан, сиёсий алоқаларимизни мисли кўрилмаган даражага кўтариб, Украина-НАТО кенгашини туздик», — деди Столтенберг. 

Президент Зеленский бунга жавобан, унинг мамлакатининг НАТОга аъзо бўлиши «вақт масаласи» ва Украина «бу вақтни яқинлаштириш учун» ҳамма нарсани қилаётганини айтди.

«Россиянинг жаҳон аренасидаги роли тобора пасайиб боряпти» 

Столтенберг матбуот анжуманида сўнгги ташриф чоғида томонлар фақат Украина қарши ҳужумининг бошланишини муҳокама қилганини, бироқ бугун Украина қуролли кучлари олдинга силжиганини айтди. НАТО раҳбарининг сўзларига кўра, Украина қўшинлари шиддатли жанг қилмоқда, аммо «аста-секин ердаги устунликни қўлга киритмоқда». Украиналиклар ўз оилалари ва озодлиги учун курашмоқда, «Москва ўзининг империяча ўй-хаёллари учун курашмоқда», - дея Столтенбергнинг сўзларини келтиради AFP агентлиги. 

Алянс бош котиби, шунингдек, «Россиянинг жаҳон аренасида роли тобора камайиб бораётгани, у халқаро бозорлардан узилиб қолгани, халқаро саммитларда иштирок этмаётгани», Эрон ва Шимолий Корея каби режимлардан қурол олишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. «Украина НАТОга аъзо барча давлатлар ва Украина мудофаа бўйича алоқа гуруҳига киритилган бошқа давлатлар томонидан кучли қўллаб-қувватланади», деди у. 

Мавзуга оид