Ўзбекистон | 08:55 / 05.10.2023
4936
5 дақиқада ўқилади

Алфраганус университетида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги Алфраганус университетида халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив кадрларни тайёрлаш мақсадида “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги иккинчи халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

 “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги Халқаро конференциядан кўзланган асосий мақсад халқаро даражада ўзаро ижтимоий-иқтисодий, фан-таълим, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш, хорижлик олимлар томонидан тиббиёт, рақамли технологиялар, туризм, архитектура ва дизайн, замонавий таълимни ташкил этишда инновацион ёндошувлар соҳаларида олиб борилаётган илмий тадқиқотларга Ўзбекистонлик ёш олимлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талаба-ёшларни фаол жалб қилиш, самарали илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобланади.

Бу йил иккинчи маротаба ташкил этилаётган халқаро конференция қамрови ва географияси ҳам кенгайди. Хусусан, халқаро конференция ишида мамлакатимиздаги 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан биргаликда, дунёнинг 150га яқин Туркия, Хитой, Япония, Буюк Британия, Франция, Италия, Чехия, Швеция, Латвия, Америка Қўшма Штатлари, Марказий Осиё ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидаги нуфузли етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилари, таниқли олимлар, халқаро экспертлар, иштирокчи давлатларнинг ишбилармонлик доиралари, етакчи компаниялари вакиллари, UNESCO, TIKA каби халқаро ташкилотларнинг мутахассислари иштирок этмоқда.

“Ўзбекистон ва Туркия университетлари ҳамкорлигида ташкил қилинган “Бир макон – бир йўл: имкониятлар ва муаммолар, миграция, туризм ва сиёсий иқтисод” мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция ўтган 2022 йилда илк маротаба ўтказилган эди. Жорий йилда Алфраганус университети томонидан иккинчи маротаба ташкил қилинди. Тадбирда 20 га яқин давлатлардан ТОП-1000 таликка кирган 30 га яқин ОТМ профессорлари ва ректорлари иштирок этишяпти.

Конференция доирасида тиббиёт ходимлари, саноат соҳаси ходимлари, тадбиркорлар, ресторан ва меҳмонхона бизнеси мутахассислари ҳам юртимизга ташриф буюришди. Улар иштирокида махсус амалиёт дарслари, семинарлар ўтилади.

Алфраганус университетининг барча талабалари учун Япония, Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон, Франция ва Англиядан келган тажрибали мутахассислар ўз билим ва малакаларини ўртоқлашади”, - деди университет ректори Муҳаммадисмоил Махмудов.

Халқаро конференция доирасида глобаллашув шароитида иқтисодий тизимлар ва муносабатлар, туризм соҳасидаги ўзгаришларнинг замонавий хусусиятлари, замонавий таълим, шарқона тарбияда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни ҳамда аҳамияти, сунъий интеллект ва замонавий технологияларнинг таълимдаги ўрни, жамият модернизациялашувини илмий тадқиқ этиш: тарихи ва фалсафаси, педагогика ва психологияда инновацион тадқиқотлар, архитектура ва дизайн соҳаларининг ривожланиш истиқболлари, ипак йўлида умуминсоний ва миллий қадриятлар: тил, таълим, таржима ва маданият, замонавий тиббиёт: янги ёндашувлар ва долзарб тадқиқотлар, инновацион тараққиётда аниқ фанларнинг ўрни йўналишларида ёш тадқиқотчилар, мамлакатимиз ва хориждаги таниқли олимларнинг илмий маърузалари, тадбиркорлик ва хорижий компаниялар вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказилмоқда.

Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети ректори жаноб Жем Зорлу ўзбекистонлик талабаларнинг Туркияда амалиёт ўтаганликлари ҳақида гапириб берди:

“Биз Алфраганус университети билан биргаликда тиббиёт соҳасида бирга тажриба алмашишни кўзда тутдик ва уни амалга оширишга қарор қилдик. Ўтган йили 20 нафар талаба тиббиёт факултетидан келиб бизда ўз малакаларини оширди. Барча 20 нафар талабалар маълум вақт бизда тажриба алмашишди, ўқиб, ўз юртларига қайтиб кетишди. Яна Алфраганус университетининг 10 га яқин медицина соҳасидаги ўқитувчилари бизда ўз малакаларини оширишди. Бизнинг университет Туркия университетлари орасида энг яхши таьлим муассасаларидан бири ҳисобланади. Биз университетда 20 га яқин тилда гаплашамиз. Алфраганус университетидан борган талабалар бизни жуда яхши кўриб қолди. Бу университетлар орасидаги тажрибаларимизни ва дўстлигимизни узоқ йиллар давом эттириш ниятимиз бор.

Тиббиёт соҳаси, педагогика-психология, иқтисод йўналиши ва бошқа йўналишларда бизнинг профессор докторларимиз Алфраганусда дарс ўтишади”.

Халқаро конференция жорий йил 3-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида, 5-6 октябрь кунлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўз ишини олиб боради.

 Қўшимча маълумотлар учун:

 http://neukongre.com/kongre/sircon2023/uz#

 Реклама