Жаҳон | 22:04 / 06.10.2023
11890
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Нохчивонга Эрон орқали йўлак қуришга киришди

Арманистон йўлак қурилиши лойиҳасидан бош тортгач, Озарбойжон ва Эрон бу ҳақда ўзаро келишувга эришди.

Фото: Mehr News Agency

6 октябр куни Озарбойжоннинг Зангилон тумани, Оқбанд қишлоғи ва Эрон ўртасидаги чегара ҳудудида автомобил кўприги ва чегара-божхона инфратузилмаси қурилишига рамзий тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди. Бу билан Озарбойжон Нохчивонга Эрон орқали йўлак қуришга киришди.

Azertac давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, йўлак мамлакатлар ҳудуди орқали транзит юк ташишни кўпайтиришга хизмат қилади ҳамда Нохчивон Мухтор Республикасига кириш ва чиқишни осонлаштиради.

Қурилиш «Озарбойжон ва Эрон ҳукуматлари ўртасида Эрон ҳудуди орқали Озарбойжоннинг Шарқий Зангезур иқтисодий райони ва Нохчивон Мухтор Республикаси (НМР) ўртасида янги алоқа йўлагини яратиш бўйича ўзаро англашув меморандуми»га мувофиқ бошланди.

Бу ҳудудда автомобил йўлидан ташқари темир йўл кўприги ҳам қурилиши режалаштирилган. Барча ишлар бир йил ичида якунланиши айтилмоқда.

Йўлак қурилгач, давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти орқали ҳар куни 1,1 минг енгил автомобил, 30 автобус ва 15 минг киши ўтиши кутилмоқда.

Озарбойжон ва унинг таркибига кирувчи Нохчивон Мухтор Республикасини Арманистон ҳудуди ажратиб туради. Бироқ, Арманистон ўз ҳудуди орқали йўлак қурилишига розилик бермади. Шундан сўнг, Озарбойжон ва Эрон ўртасида шу ҳақда келишувга эришилди.

Мавзуга оид