Ўзбекистон | 08:56 / 09.10.2023
3735
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудларидан Эронга тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин

Ардабил ва Шаҳрисабз ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Фото: Дунё АА

Жорий йил 5 октябр куни Эроннинг Ардабил шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар туризм вазирларининг 5-йиғилишида Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Баҳодир Абдуллаев бошчилигидаги ваколатхона делегацияси иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Тадбир якуни бўйича Ардабил декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда 2022 йил 13 декабр куни Ўзбекистон раислигида ўтказилган ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг 4-йиғилиши ва унинг доирасида қабул қилинган "ИҲТ минтақасида COVID-19 пандемиясидан кейин туризм соҳасини жадал тиклаш, хавфсиз ва беқарор ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ижросининг ижобий натижалари қайд этилгани баробарида, Шаҳрисабз шаҳри 2024 йилда ИҲТ туризм пойтахти, деб эътироф этилгани муносабати билан қутланди.

Шунингдек, Ўзбекистонга 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-сессиясига мезбонлик қилаётгани учун миннатдорлик билдирилди. 

Тадбир доирасида Ардабил губернатори Сейид Ҳамед Амелий билан бўлиб ўтган учрашувда Ардабил ва Шаҳрисабз ўртасида биродарлашув алоқаларини ўрнатиш ҳамда иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни ривожлантириш таклифи илгари сурилди, Ўзбекистон вилоятлари ва Ардабил шаҳри ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Эроннинг туризм соҳаси вакиллари 2023 йил 16-20 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтажак Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) 25-сессияси доирасидаги тадбирларга, жумладан, инвестфорумга таклиф этилди.

Мавзуга оид