Иқтисодиёт | 15:36 / 14.10.2023
23247
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кетма-кет олтинчи ой камайди

Сентябр ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қарийб 1,65 млрд долларга, йил бошидан бери эса 4,7 млрд долларга камайди. 1 октябрь ҳолатига захиралар 31,04 млрд долларгача қисқарган. Бу 2020 йил 1 апрелдан бери энг паст кўрсаткич.

Фото: AP

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотларни янгилади. Унга кўра, 1 октябрь ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 31,04 млрд долларни ташкил қилди. Бу – 2020 йил 1 апрелдан буён қайд этилган энг минимум кўрсаткичдир. 

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 1,65 млрд долларга, йил бошидан бери эса 4,7 млрд долларга камайди.

Ҳисобот даврида олтиннинг физик ҳажми 12,1 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга кўпайган бўлса-да, қиймати 23,43 млрд доллардан 23,05 млрд долларга камайган. Бу асосан жаҳон молия бозорида олтин нархи арзонлашиши билан боғлиқ. Хусусан, 1 сентябр ҳолатига 1 унция олтин баҳоси 1939 долларни ташкил этган бўлса, бу 29 сентябр ҳолатига 1848 долларгача пасайган.

Фото: Сўнгги бир ойда олтин нархининг ўзгариши.

Сентябр ойида олтин нархи пасайишининг асосий сабабларидан бири АҚШ Федерал резерв тизимининг қаттиқ ушлаб турилган пул-кредит сиёсати билан боғлиқ. Бундай ҳолатларда АҚШ давлат облигацияларининг потенциал инвесторлар учун жозибадорлиги ошади, олтин сотиб олишга бўлган қизиқиш эса пасаяди.

World Gold Council маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Ўзбекистон Марказий банки 46 тонна олтин сотган. Бу даврда 25 тонна олтин сотиб олинган. Мамлакат захираларининг катта қисми олтинда сақланиши инобатга олинса, ушбу қимматбаҳо металл нархлари ўзгариши захира активларининг умумий миқдори ўзгаришига жиддий таъсир ўтказади.

Шунингдек, сентябрь ойида хорижий валюта захиралари 8,7 млрд доллардан 7,4 млрд долларга камайган. Бу Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори эълон қилина бошланган 2018 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Ўзбекистон халқаро захираларининг мамлакат импортини қоплаш даражаси 2020 йилда 16 ойни, 2021 йилда 15 ойни ташкил қилган бўлса, айни пайтга келиб мазкур кўрсаткич 10 ойгача қисқарди.

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлашга валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Мавзуга оид