Жаҳон | 08:55 / 19.10.2023
9353
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон ҳарбий дастурини қўллаб-қувватлаганларга қарши янги санкциялар киритди

Санкциялар Эронда ракета ва учувчисиз учоқлар ишлаб чиқилишини рағбатлантиргани учун жорий қилинган. Чекловларга 20 та юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек, битта кема кирди.

АҚШ Молия вазирлиги биноси Фото: AP

Вашингтон Эроннинг «беқарорлаштирувчи» баллистик ракета ва учувчисиз учиш аппарати дастурларига ёрдам бергани учун 11 жисмоний шахс, саккиз юридик шахс ва бир кемага нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 18 октябр, чоршанба куни АҚШ Молия вазирлиги томонидан чоп этилган пресс-релизда айтилади.

Ҳужжатда айтилишича, Эрон, Ҳонгконг, Хитой ва Венесуэлада жойлашган бу шахслар Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига, шунингдек, Эрон Мудофаа вазирлигига ракета ва учувчисиз учоқларни ишлаб чиқариш ва тарқатишда моддий ёрдам кўрсатган. Уларнинг АҚШдаги активлари блокланади.

Чекловлар 18 октябрда Эронга қарши ядровий келишув бузилгани учун санкциялар муддати тугаши муносабати билан жорий қилинмоқда. «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг 2231-резолюцияси муддати тугашига қарамай, Қўшма Штатлар Эроннинг ракеталар, учувчисиз учоқлар ва бошқа турдаги ҳарбий қуролларни харид қилиш, ишлаб чиқиш ва тарқатиш таҳдидига қарши туриш мажбуриятини сақлаб қолади», — дейилади ҳужжатда.

Эрон билан алоқалари учун Россия ташкилотларига қарши такрорий санкциялар

Ўз навбатида, Россиянинг бир қанча ташкилотлари ҳам АҚШ санкциялари остида қолди. Улар Эронга қурол етказиб бериш, сотиш ёки топширишда айбланмоқда.

Чекловлар «Рособоронэкспорт» АЖ («Ростех» давлат корпорациясининг бир қисми), Россия Аэрокосмик кучлари, ҳарбий-транспорт авиацияси қўмондонлиги, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлигининг 924-сонли учувчисиз авиация давлат марказига нисбатан киритилмоқда, дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида. Уларнинг барчаси аввалроқ Американинг турли санкциялар рўйхатида пайдо бўлган.

Европа Иттифоқи Эронга қарши санкцияларни узайтирди 

17 октябр куни ЕИ ядровий келишув туфайли Эронга қарши санкцияларни узайтиришини эълон қилди. Европа Иттифоқи Ислом Республикасининг ядровий ва ракета дастурларига алоқадор Эрон жисмоний ва юридик шахсларини жазолашда давом этади. 

Мавзуга оид