Жаҳон | 23:00 / 19.10.2023
8169
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва Ўзбекистон ўзаро сайёҳлик визасини бекор қилиши мумкин 

Туризмни ривожлантириш мақсадида икки давлат фуқароларига енгиллик берилиши режалаштирилмоқда. 

Фото: tehrantimes

Эрон туризм вазири Иззатуллоҳ Зурғомий 17 октябр куни Теҳрон Ўзбекистон билан виза режимини ўзаро асосда енгиллаштиришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Tehran Times хабар берди. 

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов билан учрашувда сўзлаган Зурғомий Эрон икки давлат ўртасида сайёҳлик (туризм) визасини бекор қилиш бўйича келишув имзоланганини олқишлашини айтди. 

Зурғомий Самарқандда икки давлат томонидан туризм алоқаларини ривожлантириш бўйича дастлабки ишлар олиб борилганини қайд қилди ва «биз Эронда икки давлат ўртасидаги [сайёҳлик] визаларини бекор қилиш йўлларини излаяпмиз», деди. 

Абдуҳакимов, ўз навбатида, учрашувда муҳокама қилинган мавзулар келажакда «яхши натижа» беришига умид билдирган. 

Зурғомий 18-19 октябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессиясида иштирок этди. 

Зурғомийнинг ўринбосари сўзларига кўра, Эрон чегараларни юмшатиш сиёсатини кўриб чиқмоқда. Унга кўра 60 давлат паспорти эгалари учун виза талабларини бир томонлама бекор қилиши мумкин. Рўйхатда Ўзбекистон бор ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.

Мавзуга оид