Жаҳон | 21:34 / 21.10.2023
30835
1 дақиқада ўқилади

Фаластин бўйича саммит иштирокчилари ўртасида келишмовчиликлар юзага келгани маълум бўлди

Араб ва Европа делегациялари ўртасидаги қарама-қаршиликлар туфайли якуний баёнот бўлмайди.

Фото: skynewsarabia.com

Фаластин бўйича Қоҳира саммитида араб ва европалик иштирокчилар ўртасида келишмовчиликлар юзага келди ва бу якуний баёнотни қабул қилишга тўсиқ бўлди. Бу ҳақда Sky News Arabia хабар берди.

«Қоҳира тинчлик саммитида араб ва Европа делегациялари ўртасидаги қарама-қаршиликлар туфайли якуний баёнот бўлмайди», деб таъкидлади телеканал.

Қайд этилишича, можарога «Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи»ни шакллантириш ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ҳаракатларини қоралаш масаласи сабаб бўлган. Жумладан, европаликлар фақат ҲАМАС ҳаракатларини қоралаш тарафдори бўлган.

Аввалроқ Иордания қироли Абдуллоҳ II бин Ҳусайн Қоҳирадаги саммитда фаластинликларни депортация қилиш ғоясини қоралаган эди. Монархга кўра, Фаластин халқининг мажбуран кўчирилиши ҳарбий жиноят ҳисобланади.

Ўз навбатида, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Исроил ҳукуматини вазминлик кўрсатишга ва халқаро гуманитар қонунларни ҳурмат қилишга чақирган эди.

Мавзуга оид