Россиянинг ЕИдаги миссияси раҳбари жосусликда гумон қилинмоқда
48 ёшли Кирилл Логвинов ҳақидаги миш-мишлар ва шубҳалар Брюсселда 2022 йилда пайдо бўлган, ўшанда Белгия контрразведкаси уни депортация қилиниши керак бўлган шахслар рўйхатига киритишни қатъий, аммо муваффақиятсиз талаб қилган.
Тахминан бир йил давомида Россиянинг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчи Кирилл Логвинов Белгия расмийлари томонидан Россия ташқи разведка хизматида ишлаганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Германиянинг Der Spiegel нашри, Белгиянинг De Tijd газетаси, Швециядан Expressen, Эстониядан Delfi, Литвадан LRT, Полшадан VSquare ва Frontstory, Словакиядан ICJK ва Михаил Ходорковский асос солган «Досе» маркази иштирок этган Espiomats’нинг 24 октябр, сешанба куни чоп этилган қўшма суриштирувида маълум қилинди.
Нашрнинг қайд этишича, 48 ёшли дипломатга оид миш-мишлар ва шубҳалар ўтган йили Брюсселда пайдо бўлган. Белгия контрразведкаси Логвиновни жосусликда гумон қилиб, депортация қилиниши керак бўлган шахслар рўйхатига киритишни қатъий талаб қилган, аммо бу ҳеч қандай натижа бермаган. «Фаол разведка ходимларини Белгиядан чиқариб юборишга Европа ташқи ҳаракатлар хизматида сиёсий ироданинг йўқлиги тўсқинлик қилиши мумкин», - дейди суриштирув муаллифлари. Европа парламенти раисининг ўринбосари Мартин Хойсик, аксинча, Логвиновнинг мақомидан қаттиқ хавотир билдирди. «У ҳали чиқариб юборилмаганидан ҳайратдаман. Агар Белгия разведка хизматлари уни чиқариб юборишни талаб қилса, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати нима учун фаол эмаслигини билиш менга жуда қизиқ бўларди», - деди сиёсатчи. Унинг сўзларига кўра, у Европа Иттифоқи парламенти бу масалани кўриб чиқишини кутмоқда.
Суриштирувда таъкидланишича, Россиянинг Брюсселдаги миссиясига жиддий чекловлар қўйилганига қарамай, Логвинов фаол ишлашда давом этмоқда. 2022 йилда у Кремлга дўст бўлган давлатлар – Озарбойжон, Венесуэла, Беларус, Миср, Эрон, Хитой, Куба, Қирғизистон, Ливан, Никарагуа, Шимолий Корея, Сурия ва Тожикистон делегациялари учун кўплаб қабуллар ташкил этишга муваффақ бўлди. Улардан баъзилари учун у филмлар намойишини ташкил қилган. Масалан, «Буйраклар учун танклар» - Россия RT медиа-компаниясининг Украинада маҳаллий хавфсизлик хизматлари иштирокида орган савдоси ҳақидаги суриштируви.
Россия жосуслик маркази
Суриштирув муаллифларининг таъкидлашича, Брюссел «рус жосуслиги маркази» ҳисобланади. Украинада кенг кўламли уруш бошланишидан олдин, Белгия пойтахтида Россия разведка хизматларининг 200 дан ортиқ ходими, шу жумладан «СВР», Россия қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси (собиқ номи - «ГРУ») ва «ФСБ»нинг Операцион ахборот ва халқаро алоқалар хизмати (5-хизмат) вакиллари бўлган.
2022 йилда Россия разведкасининг фаоллиги кескин ошди. Ўша йили 48 нафар россиялик Белгиядан чиқариб юборилган. Улар орасида Россиянинг Брюсселдаги элчихонаси, Россиянинг НАТО ва ЕИдаги ваколатхоналари ходимлари ҳам бор эди. Аксарият ҳолларда ҳайдалган одамлар ва Россия махсус хизматлари ўртасида тўғридан тўғри алоқалар борлиги аниқланган, дейилади суриштирувда.
Мавзуга оид
16:48
Россияда ядровий портлашдан ҳимояловчи мобил бошпаналарни серияли ишлаб чиқариш бошланди
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
07:50