Пробация назоратидаги шахсларга электрон браслет тақиш ва ечиш тартиби белгиланмоқда
Сенаторлар томонидан “Пробация тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
2021 йилда пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан 1086 та жиноят содир этилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 845 тани, 2023 йилнинг 9 ойида эса 353 тани ташкил қилган.
Таъкидланишича, бугунги кунда суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шунингдек, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳуқуқий бўшлиқ ва айрим ҳолларда зиддиятларга олиб келмоқда.
Шу боисдан, қонун билан пробацияни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар, жумладан пробация тизимининг асосий тушунчалари, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробация назорати ва ижтимоий мослаштириш шаклларини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, уларга нисбатан электрон кузатув воситасини қўллаш масалалари тартибга солинмоқда.
Хусусан, пробацияни амалга ошириш соҳасида Ҳукумат, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйиляпти. Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар жумласига меҳнат органлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари киритилмоқда.
Шунингдек, қонунда пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жумладан, туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг ваколатларига кирмайдиган ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар бўйича пробация назоратидаги шахсларга туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмаси асосида давлат органлари томонидан ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши назарда тутилмоқда.
Қонун билан пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилиш учун электрон кузатув (электрон браслет) воситасини тақиш ва ечиш ҳамда фойдаланиш тартиби ҳам белгиланяпти. Жумладан, электрон кузатув воситаси (электрон браслет) ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, тиббий кўрсатмаларга кўра электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга қўлланилиши мумкин эмас.
“Қонуннинг ижтимоий-ҳуқуқий аҳамияти катта. Пробация хизмати амалда ишлаяпти, самара беряпти. Муайян тажриба тўпланган. Таҳлиллар, хулосалар бор.
Хусусан,охирги уч йилда пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилиши ҳолатлари сезиларли равишда камаймоқда Бу яхши, бироқ пробация хизмати самарадорлиги фақат бу билан ўлчанмайди.
Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, пробация хизмати муҳим ижтимоий функцияни ҳам бажариши лозим. Мазкур йўналишнинг алоҳида яхлит Қонун билан тартибга солиниши кўп жиҳатдан ҳам шу омил билан боғлиқ.
Эътиборлиси, Қонунда пробация назоратидаги шахсларни ижтимоий мослаштириш, тарбиявий таъсир кўрсатиш, хулқ-атворини баҳолаш, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, даволаш, ўқитиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ишга жойлаштириш оид ўта долзарб ижтимоий аҳамиятга эга нормалар белгиланмоқда. Яъни, ушбу йўналишда устувор мақсад - мураккаб ҳаётий вазиятга тушган ҳар қандай инсонни жамиятга тўла тўкис қайтаришдир.
Қонундан кўзланган мақсадга эришишнинг энг самарали йўли эса – ундан одамларнинг хабардорлигини таъминлаш баробарида ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри йўлга қўйишдир. Масъул вазирлик, идоралардан айнан ана шу жиҳатларга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади”, дея таъкидлаган Сенат раиси Танзила Норбоева.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024