Ўзбекистон | 16:29 / 28.10.2023
18396
2 дақиқада ўқилади

Жиноят ишлари бўйича Тошкент туман суди раиси лавозимидан олинди

Мирали Мирраҳимов жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар суди судяси лавозимига ўтказилган. У аввалроқ Қозоғистон фуқаросини айблаш тўғрисида асоссиз ҳукм чиқаргани билан эсга олинганди.

Судялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида лавозим тайинловлари бўйича қарор қабул қилинган. Унда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, Тошкент тумани суди раиси Мирраҳимов Мирали Маҳмутжонович (муддат тугаши муносабати билан) эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, судялик ваколати муддати даврида жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг судяси лавозимига қайта тайинланган.

Унинг ўрнини жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судининг раиси Жўраев Баҳодир Абдимуродович эгаллади.

Мирали Мирраҳимов жамоатчиликка Kun.uz мақолалари орқали таниш.

Фото: Тошкент вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

М.Мирраҳимов Тошкент туман ИИБ ходимлари томонидан доимий равишда таъқиб қилиб келинган Қозоғистон фуқаросини “собиқ турмуш ўртоғини ҳақорат қилганликда” айблаб, ҳукми чиқарган. Кейинчалик бу ҳукм юқори инстанция судида бекор қилиниб, Қозоғистон фуқароси оқланган.

Эътиборлиси, бир ҳарф устида кетаётган баҳс ҳамон тўхтамаган. Kun.uz’нинг ҳолатдан яхши хабардор бўлган суд тизимидаги яқин манбасининг маълум қилишича, чиқарилган бу оқловни бекор қилиш ва ҳукмни кучида қолдириш учун шахсан Мирали Мирраҳимов Олий суддаги ҳамкасблари қўлловидан фойдаланаётган бўлиши мумкин.

Мирали Мирраҳимовнинг лавозимидан олиниши ва бирмунча пастроқ лавозимга тайинланиши сабаблари очиқланмаган. Бироқ, манбанинг айтишича бунга ижтимоий тармоқларда унга нисбатан эътирозларнинг кўпайиб кетгани сабаб бўлган. Шу боис шу лавозимга янги муддатга тайинлаш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.