Жамият | 11:27 / 02.11.2023
43258
4 дақиқада ўқилади

Тўкилган хазонларни йиғиштириб олманг – нега дарахт баргларини ерда қолдириш керак?

Кузда инсонларга ўзига хос завқ бериб, турли рангда товланадиган хазонлар фасл охирига бориб қорайган бир уюм баргларга айланади. Шунда тезроқ уларни тозалаб ахлатга ташлаш ва манзарани чиройли қилиб қўйиш ҳақида ўйлаймиз. Лекин барглар тўкилган ўрнида қолиб парчаланса, инсоният учун ҳам, табиат учун ҳам фойдалироқ бўлади.

Фото: Kun.uz

Одатда, хазонрезги фасл бошланиши билан энг катта иш – тўкилган баргларни йиғиштириб олишдан иборат бўлади. Лекин ҳеч бўлмаса бу куз хазонларни йиғиштириб олманг. Нега бундай қилиш керак?

Кузги хазонлар бир қарашда жамоат жойларида кўзга хунук ташланиб тургандай ва кераксиздай туюлиши мумкин. Бироқ ундай эмас. Хазонлар остида биологик хилма-хилликнинг ўзига хос дунёси яшайди. Хазонлар Ер юзида яшайдиган жамики жонзот турларининг тенг ярмига бошпана вазифасини бажара олиши мумкин. Барглар, новдалар ва пўстлоқлар уюми остида судралиб юрувчиларнинг кичик турларидан тортиб қурбақа ва илонларгача, бундан ташқари, ёмғир қурти ва ўргимчак каби умуртқасиз жонзотларгача яшаши мумкин.

Умуртқасиз жонзотлар баргларни истеъмол қилган вақти уларни майда бўлакларга бўлади. Бу бўлакчалар бактерия ва замбуруғларнинг тандем кучлари таъсирида парчаланиб, дарахтлар ва бошқа ўсимликлар ўсиши учун фойдали бўлган азот, калций ва олтингугурт каби нутриентларга айланади.

Шундай қилиб, жонсиз ўсимлик бўлаклари тирик ўсимликларни озиқлантиради, тупроқни нутриентлар билан тўйинтиради ва шу тарзда ҳаёт цикли ишлайди. Бир қараганда ёқимсиз ва фойдасиз кўринган хазонлар уюми остида фаол микроскопик ҳаёт яшайди.

Хазонлар фақат барглардан иборат бўлмайди. Унинг таркибига дарахт барглари, гул япроқлари, уруғлар ва новдалар кириши мумкин. 2023 йилги тадқиқотга кўра, хазонлар экотизим биохилмахиллигини яхшилашга ҳисса қўшади. Бу тупроқ таркибига фойдали минераллар қўшилиши ва ҳайвонлардан қоладиган турли патогенларнинг қисқариши билан амалга ошади.

Хазонлар то парчаланиб тупроққа сингиб кетгунча 3 та босқичдан ўтади. Энг биринчи кўзга ташланадиган қисм — барг ахлатлари. Иккинчи босқич эса чириган барглардан иборат ферментация қатлами ҳисобланади. Учинчи босқичда эса хазон чиринди деб аталувчи қуюқ ва қалин моддага айланади, бу чиринди муҳити ўсимликлар ўсиши ва ривожланиши учун идеал тупроқ атмосфераси саналади.

Баргларнинг парчаланиши нафақат тупроқни фойдали озуқалар билан таъминлашга ёрдам беради, балки ердаги углеродни парчалаш вазифасини бажаради. Масалан, ўрмонлар атмосферадаги карбонад ангидрид газини йиғиб олиш орқали иссиқхона газларини камайтиради. Фотосинтез жараёнида эса барглар ушлаб қолган углерод шунчаки биомассага айланади.

Ўта даражада чириган ва яроқсизланган хазонлар ҳам барибир табиат учун керакли ҳисобланади. Қаҳратон қиш даврида бу барг қолдиқлари остида ёввойи табиат жон сақлайди, капалак каби митти мавжудотлар тухум қўяди. Ва барглар ўртача 6 ойда, тахминан баҳор ойларида парчаланиб улгуради. 

Хазонларни шунчаки қолдириш керакми?

Ерга озуқа бўлиши учун боғдаги хазонларни майдалаган ҳолатда ҳам тупроқда қолдириш мумкин. Лекин уларни ахлатга юбориш керак эмас. Агар шундай табиий фойдали барг уюмлари ахлат полигонларига тушиб қолса, уларни ишлатиб бўлмайди.

Маълумот учун: Нидерландиянинг Эйндҳовен шаҳрида дарахтлардан тўкилган барглар тозалаб олинмайди. Сабаби бу барглар ҳашаротлар яшаши учун яхши бошпана бўла олади. Қолаверса, дренаж тизимига сув оқишидан ҳимоя қилади.

Мавзуга оид