Европарламент нефт чекловларининг Россияга таъсири пастлигини тан олди
Депутатлар Россия нефти ва нефт маҳсулотлари нархидаги юқори чегарани сезиларли даражада пасайтиришни таклиф қилмоқда.
Европа парламенти Россияга ва хусусан, Россия нефт ва газ секторига қарши санкцияларни кучайтиришга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Депутатлар Европа компаниялари ҳамма жойда Москвага қўйилган чекловларни четлаб ўтаётганини ва нефт нархининг юқори чегарасини жорий этиш Россиянинг уни Европага қимматроқ нархда сотишига тўсқинлик қилмаслигини тан олишди.
«2023 йил август ойидан бошлаб Россия нефт санкциялари доирасида белгиланган нарх чегарасини четлаб ўтишнинг янги йўлларини қидираётгани маълум бўлди ва Россия нефтининг жаҳон бозорларида нархи кўтарила бошлади. Россия Европадан хом нефт экспортини Ҳиндистон, Хитой ва Туркия каби муқобил бозорларга йўналтира олди. Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг Россия нефтидан ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларининг Европа Иттифоқига импорти кескин ўсди, бу Россия нефтининг Европага «орқа эшиклари»ни яратди ва санкциялар таъсирини йўқотди. 2022 ва 2023 йилларда Европа Иттифоқи кемалари томонидан ташилган нефтнинг умумий ҳажмида энг катта улуш Россияга тўғри келди», дейилади ҳужжатда.
Қайд этилишича, энергия экспортидан тушган даромадлар улуши Россия федерал бюджети умумий даромадларининг учдан бир қисмини ташкил қилган. 2022 йилда нархларнинг юқори чегараси жорий қилинганидан сўнг, Россиянинг энергия экспортидан олган даромади урушдан олдинги даражага нисбатан сезиларли даражада камайди, бироқ 2023 йил биринчи ярмида тикланди ва 2022 йил ноябридан бери энг юқори даражага кўтарилди.
Резолюция муаллифлари Россия нефтини қазиб олиш харажатларини келтириб ўтади. Масалан, хом нефт нархи (15$) белгиланган нарх чегарасидан (60$) тўрт баравар паст, дизел ёқилғиси нархи 2,2 баравар паст (20$ / 45$).
«Бинобарин, жорий нарх чекловлари ҳали ҳам Путин режимига катта фойда олиш учун имкон бермоқда». 2023 йил март ойидан бери Urals нефтининг бир баррели қарийб бир ярим баравар қимматлашиб, 70,5 долларга етди.
Европарламент Европа Иттифоқи давлатларини G7 билан ҳамкорликда Россия нефти ва нефт маҳсулотлари нархидаги юқори чегарани сезиларли даражада пасайтириш, Россиянинг суюлтирилган табиий газини Европа Иттифоқига олиб киришга тўлиқ тақиқ жорий этиш, шунингдек, Россиянинг нефт маҳсулотлари импортини тақиқлашга чақирмоқда.
Бундан ташқари, парламентарийлар Европа Иттифоқини Россиянинг барча йирик нефт компаниялари, «Газпромбанк», уларнинг тузилмалари ва бошқарувига қарши санкциялар жорий этишга чақирди. Шу билан бирга, депутатлар Европа Иттифоқи мамлакатларига Россия ва Беларус ўғитларини Европа Иттифоқига импорт қилишда нарх ва ҳажм чекловларини жорий этишни таклиф қилишди.
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
20:09 / 18.11.2024