Жаҳон | 13:52 / 10.11.2023
6040
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликдан хавотирда

Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари Шимолий Корея таҳдидларига қарши туриш учун кенгайтирилган тийиб туриш стратегиясини амалга оширишни муҳокама қилди.

Фото: Reuters

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. 9 ноябр, пайшанба куни Жанубий Корея пойтахти Сеулга ташрифи чоғида Блинкен кореялик ҳамкасби Пак Чиннинг «жиддий хавотирлари»ни тушунишини айтди. Икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, шунингдек, Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларга қарши курашиш учун кенгайтирилган тийиб туриш стратегиясини амалга ошириш ва Япония билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилган.

«Бизнинг уч давлат Шимолий Корея ракеталарини учириш маълумотларини реал вақт режимида алмашиш, уч томонлама мудофаа машқлари ва Шимолий Кореянинг зарарли киберфаолиятига қарши курашиш саъй-ҳаракатлари орқали биргаликдаги жавоб чораларини яхшилаш бўйича чоралар кўрмоқда», дея маълум қилди Блинкен ва Парк.

Жанубий Корея ва Қўшма Штатлар Хитойни КХДР ва Россия томонидан олиб борилаётган «қурол савдоси»ни тўхтатишга кўндириш учун ҳаракат қилади, деди Пак Чин. АҚШ, Жанубий Корея ва Япония аллақачон Шимолий Корея Россияга қурол ва ҳарбий техника етказиб бераётганини танқид қилиб чиққан. Шимолий Кореядан юк ташиш ҳажмининг ортиши бундан далолат беради. Россия ва Шимолий Корея сентябр ойида яқинроқ ҳарбий ҳамкорликка келишиб олган бўлса-да, Москва ва Пхенян бу таъминотни рад этиб келяпти.

Энтони Блинкеннинг Жанубий Кореяга икки кунлик ташрифи 2022 йил май ойида инаугурация маросими ўтказилган президент Юн Сок Ёл давридаги биринчи сафар бўлди. Давлат котиби охирги марта Корея яриморолининг жанубида 2021 йил мартида бўлган эди. Ташриф Блинкеннинг Япония ва Яқин Шарққа келишини ўз ичига олган Осиёга йирик сафарининг бир қисмидир.

Мавзуга оид